Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича қилинаётган амалий ишларга алоҳида урғу берилди.

Бу йўналишда мониторинг ишлари давом эттирилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг, Меҳнат инспекциясининг мониторинги ўтказилди.

Сенатор ва жойлардаги депутатлар томонидан журналист ва блогерларни жалб этган ҳолда парламент назорати ўрнатилди. Мазкур мониторинг ишларига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам кенг жалб этилди.

2020 – 2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида соҳани ислоҳ қилиш, муносиб меҳнат шароитини яратиш ва меҳнат учун муносиб ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ишлари олиб борилди.

Одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

Сенат раиси 2021 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари 2020 йилга нисбатан 43 фоизга, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ишлари 47,5 фоизга ошганини қайд этди.

Ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланиб, мамлакатимиз имижини оширишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 1 июль куни АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган “Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маъруза”да Ўзбекистон алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилгани қайд этилди. Халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхатига киритилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда 2021 йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмагани тўғрисидаги якуний хулосасини, шунингдек, ушбу йўналишдаги мониторинг ишларини тўлиқ Ўзбекистон томонига топширилганлигини эълон қилди.

Натижада халқаро ҳамжамият мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

“Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган глобал бойкот бекор қилиниши кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг ёрқин мисоли бўлди.

– Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, шунингдек, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва уч томонлама ҳамкорлар билан биргаликда, фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштирокида амалга оширилган кенг қамровли ишлар туфайли бундай ютуқларга эришилди, – деди Т.Норбоева. – Ушбу натижалар, инсон ҳуқуқларини таъминлашга, саноатни, хусусан пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантиришга имконият яратади. Шу билан бирга, янада катта масъулият ҳам юклайди ва соҳада тизимли ишларни амалга оширишни тақозо қилади. Бу эришилган натижани сақлаб қолиш учун жуда муҳим.

Норгул Абдураимова, ЎзА