АҚШлик эксперт: Ўзбекистон айни пайтда АҚШ учун энг тез ривожланаётган бозор

АҚШнинг “Маcро-Адвисорй Лтд.” консалтинг ширкати вакили Жей Пи Наткин билан суҳбат
2017 йил сентябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида қатнашиш учун АҚШга борди. Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Нью-Йоркда Ўзбекистон-Америка бизнес форумида қатнашиб, Америка компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш мақсадида маҳаллий тадбиркорларга республикада солиқ, адлия, иқтисодиёт, сармоя бобида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. 
 
Тадбирда 100 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Бир нечтаси билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг шартномалар имзоланди. 
 
Бизнес форумда қатнашиб, Президент Шавкат Мирзиёев фикрларини тинглаган, АҚШ компанияларига янги бозорлар ҳақида маслаҳат берувчи “Маcро-Адвисорй Лтд.” консалтинг ширкати вакили Жей Пи Наткин билан “Америка овози” телерадиоси мухбири Одил Рўзалиев суҳбат қурди.
— Жаноб Наткин, авваламбор, ўз компаниянгиз ҳақида маълумот берсангиз?
— “Маcро Адвисорй Лтд.” компаниясига тўрт йил олдин асос солганмиз. Биз Евросиёда ишламоқчи бўлган компанияларга макроиқтисодиёт ва сиёсат бобида маслаҳат берамиз, консалтинглик қиламиз. Ўзбекистондан ташқари собиқ Совет мамлакатлари ҳамда Эрон ва Монголия бўйича ишлаймиз.
— Эсингизда бўлса, ўтган йили Нью-Йоркда Ўзбекистон-Америка бизнес форуми ўтказилган эди. Форум муваффақиятли бўлган, Ўзбекистон ҳукумати қатор компаниялар билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг шартномалар тузган. Сиз ҳам ўша форумда қатнашган эдингиз, шундай эмасми?
— Ҳа, шундай. Бизнесимиз минтақадаги вазиятни акс эттиради. Сўнгги йилларда, асосан, Россия, Қозоғистон, Озарбайжонда ишладик. “Fortune” журнали тузган 500 та йирик компаниянинг Ўзбекистонда ишлашни истаган баъзилари ҳозир хизматларимизга қизиқиш билдирмоқда. Улар форумда ҳам қатнашди. Сиз ҳам шунга гувоҳ бўлдингиз. “Фортуне-100”, “Фортуне-500” рўйхатларига кирган АҚШ ва халқаро компанияларнинг вакиллари қатнашди. Баъзилари шартнома, баъзилари англашма меморандумларини имзолаб, бизнес ва сармоялари учун йўл очишга муваффақ бўлди.
— Ўзбекистондаги янги ҳукумат тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш учун иқтисодий ва бошқа соҳадаги ислоҳотларни эълон қилди. Сиз бу ислоҳотлардан нималарни кутяпсиз?
— Шу кунгача кўрганларимиз кўзни қувонтирмоқда. Валюта конвертациясини таъминлаш, назаримда, энг катта ислоҳотлардан бири. Албатта, сўнгги 28 йилда янги давлатларнинг ислоҳотлар ҳақидаги баёнотларини маълум даражада истеҳзо ва ишончсизлик билан қабул қилиш табиий ҳолат бўлса керак. Қуруқ гап билан иш битмайди. Аммо қисқа муддат ичида Ўзбекистонда сезиларли ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Конвертациядан ташқари, виза ислоҳоти ҳамда иқтисодиётнинг муҳим қисми бўлган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга туртки бериш ҳам бизни руҳлантирмоқда. Талаб ва ўсишни таъминлашда, истеъмолчи ва харидор бўлмиш ҳақиқий ўрта синфнинг келиб чиқишида кичик ва ўрта бизнеснинг роли катта.
— Сизнингча, Нью-Йоркдаги бизнес форум айрим компанияларнинг Ўзбекистонда иш бошлашга қарор қилганида муҳим омил бўлдими?
— Ўзимизни оладиган бўлсак, биз консалтинг компанияси бўлганимиз учун ишимиз мижозларимиз буюртмасига боғлиқ. Минтақани кузатар эканмиз, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Форумда катта қизиқиш борлигини кўрдик. Ўзбекистон – 30 миллиондан зиёд аҳолига эга бозор, қўшни Қозоғистондан икки баравар кўп. Бозор туриб қолган, талаб потенциали катта. Конвертация ва бошқа ислоҳотларни кўраётган хорижий сармоядорлар ана шу имкониятни ишга солиши мумкин. Арзон бозорларни топиш қийин эмас. Биз мижозларимизга ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, уларнинг шу бозорларга киришини осонлаштирамиз.
— Рақамлар ҳақида гаплашсак.
— Рақамлар у қадар муҳим эмас, сиёсат муҳимроқ. Нью-Йоркда Президент Мирзиёев иштирокида ўтган зиёфат пайтида давлат раҳбари сармояларни жалб қилиш учун қандай ишларни амалга оширмоқчи бўлганини санаб ўтди ва ўзи билан келган ҳукумат делегациясидаги муайян расмийларни қисқа муддат ичида муайян ишларни амалга оширишда масъул қилиб тайинлади. Биз бундай ёндашувни жуда кам кўрамиз, ўрганмаганмиз ва бу бизни қувонтирди, чунки ҳукумат ислоҳотларни амалга ошириш мажбуриятини жиддий қабул қилмоқда. Компаниялар қуруқ гапга ишонмайди, ҳақиқий қадамларни кўришни, берилган ваъдаларнинг бажарилишини истайди. Президент шунча одамнинг олдида бу мажбуриятни олгани барчани қувонтирди.
— Сиз форум пайтида ва форумдан кейин гаплашган компаниялар умидга тўла демоқчимисиз?
— Албатта. Ўзбекистон айни пайтда биз учун энг тез ривожланаётган бозор. Буни йирик компаниялар билдираётган қизиқишдан билса бўлади. Турли жабҳадаги компаниялар билан ишлаймиз. Ишлаб чиқариш, халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, энергетика соҳалари шулар жумласидан. Бу компаниялар сармоя киритиш, минтақада даромадини ошириш устида ўйланмоқда.
— Сиз форумда гаплашган компанияларнинг Ўзбекистонга доир қандай хавотирлари бор?
— Уларнинг хавотирини икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, минтақани яхши билмасликлари, Ўзбекистонни яхши тушунмасликлари. АҚШдаги йирик компаниялар раҳбарларида халқаро тажриба камлик қилади. Халқаро компанияларда вазият ўзгача. Уларнинг катта ходимлари хорижда кўп ишлаган. Масаланинг иккинчи томони шуки, кўплаб компаниялар Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий, бозор ислоҳотларига умид билан қарамоқда. Аммо каттароқ сармоя қилиш учун улар конкрет натижаларни кўрмоқчи.
— Сиз билан ишлаётган компанияларнинг янги бозорга кириши учун ўртача қанча вақт керак бўлади?
— Соҳага қараб, компания сиёсатига қараб ҳар хил бўлади. Ҳамма узоқ муддатли стратегик сармояни турлича белгилайди. Бизнес муҳитни ўрганиш вақтига ҳам кўп нарса боғлиқ. Масалан, энергетикани оладиган бўлсак, нефт ва газ билан иш қилувчи компаниялар янги конларни очиш, денгиз тубидан ёқилғи қазиш кабилар йирик капитал талаб қилади. Бундай сармоялар узоқ муддатли бўлиб, 20, 30, 40 йиллик бўлиши мумкин. Бундай шароитда бозорни ўрганиш анча узоқ вақт олади. Савдо-сотиқ билан шуғулланувчи компаниялар, ишлаб чиқаришда банд қўшма корхоналар, халқ истеъмоли молларини олиб кираётган фирмаларга иш бошлаш учун кўп вақт керак бўлмайди.
— Кўп ҳолларда Ўзбекистон ва Қозоғистонни бир-бирига қиёслаб туришади. Сиз уларни қандай қиёслаган бўлардингиз?
— Уларни солиштириш тўғри эмас. Булар бир-биридан кескин фарқ қилувчи мамлакатлар. Бир минтақада жойлашган бўлса-да, қўшни бўлса-да, маданиятлари фарқли, иш олиб бориш муҳити турлича. Қозоғистон иқтисодиёти кўпроқ табиий ресурсларга таянади, йирик ёқилғи бозори, минераллар, қазилмаларга асосланган саноатларга эга. Қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда, яхшиланяпти, бошқа соҳалари ҳам. Ўзбекистонда эса қишлоқ хўжалиги анча ривожланган, истеъмол бозори ўсмоқда, аҳолиси 30 миллиондан ошиқ, ўрта синф тезроқ ривожланмоқда, шакли ҳозирча сал бошқача бўлса ҳам. Бу икки давлатни бир қаторга қўйиб бўлмайди.

 

“Америка овози” телерадиоси материаллари асосида ЎзА мухбири Аслиддин Суюнов тайёрлади