Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, мамлакатимиз аҳолисини рақамли телекўрсатувлар билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етди. Бу Ўзбекистонда ер усти аналог телекўрсатувлари даври якунланаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган жадвал асосида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ер усти аналог кўрсатувларнинг босқичма-босқич тўхтатилиши амалга оширилади. Биринчи навбатда, аналог сигнал узатиш Тошкентда, 2018 йилнинг 5 декабрига қадар эса бутун мамлакат бўйлаб босқичма-босқич тўхтатилади.

Мамлакатимиздаги барча аҳоли пунктларининг рақамли телекўрсатувлар билан қопланишини таъминлаш мақсадида 500 га яқин турли қувватдаги узатгичлар жамланмаси ўрнатилди. Бундан ташқари, хорижий сунъий йўлдош алоқа операторининг муайян сегментини ижарага олиш ҳисобига аҳоли учун рақамли телекўрсатувлар хизматидан кенг фойдаланиш тақдим этилди ва олис, бориш қийин бўлган аҳоли пунктларига ҳам давлат телерадиодастурларининг оммабоп ижтимоий пакетини етказиш амалга оширилди.

Рақамли телевидениедан баҳра олишни истаган оддий томошабин телевизорида DVB-T2 стандарти мавжудлигини текшириб кўриши зарур. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган аксарият замонавий телевизорларга ушбу стандартни қўллаб-қувватловчи рақамли тюнерлар ўрнатилган. Унга қўшимча равишда оддий антенна талаб қилинади.

Мамлакатимизда нафақат рақамли сигнални қабул қилиш, балки Smart-TV ва IP-TV технологияларини ҳам қўллаб-қувватловчи энг сўнгги русумдаги телевизор моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Эски телевизор моделлари соҳиблари учун махсус «Ўзэлтехсаноат» АК корхоналари томонидан беш йил мобайнида 3 миллион дона рақамли телевизион сигналларни қабул қилувчи мослама ишлаб чиқарилади. Бу эса уларнинг ҳам рақамли телеэшиттиришлар имкониятларидан тўлақонли фойдаланишига имкон беради.

 

Роман Бондарчук, ЎзА