Шавкат Мирзиёев: Мақом – миллий санъатимиз асоси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз шаҳрида бўлди.
Бугун Шаҳрисабз қиёфаси тубдан ўзгарди. Шаҳарнинг тарихий обидалари қайта таъмирланди. Сайёҳлик инфратузилмаси ривожланиб, хизмат кўрсатиш даражаси халқаро стандартлари даражасига етказилмоқда.
Президентимиз 2017 йил август ойида пойтахтимиздаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташрифи чоғида қатор масалалар қаторида Шаҳрисабз шаҳрида мақом кечаларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Айни вақтда миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўрисида»ги қарори қабул қилиниб, ижросига киришилди.
Мазкур қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилган.
Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи давомида Оқсарой майдонида мазкур анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотларини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Халқаро мақом санъати анжуманининг илмий-ижодий концепцияси ҳақида маълумот берилди.
Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва марказ ташкил ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳар маданият саройини капитал таъмирлаш, Оқсарой майдонидаги Мақом маркази ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятини такомиллаштириш тадбирлари белгиланган.
Машҳур санъаткоримиз Юнус Ражабийдан кейин, афсуски, ҳеч ким мақом санъатини ривожлантириш билан жиддий шуғулланмади. Мақом санъати усталари жуда кам қолган. Уларни қўллаб-қувватлашимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев шу ерда мақом санъати усталари билан учрашди. Улар билан мақом санъати истиқболлари, халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш ҳақида суҳбатлашди.

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА