Айни вақтда республика бўйлаб ногиронлиги бўлган шахсларни хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча муаммолари тегишли идоралар билан биргаликда ҳал этилиши, уларнинг барчамиз каби яшаши, таълим олиши, ишлаши, жамиятда ўз ўрнини топиши масалалари ортиқча муаммо бўлмайди.

Хатлов натижаларига кўра, амбулатор ва стационар шароитда даволаниш, реабилитация марказларида тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация чораларини олиш, даволанишга, реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия мосламаларига муҳтожлар, йирик бўғимларни эндопротезлаш, қон томирларни стендлаш, эшитишда нуқсони борларни кохлеар имплантациялаш, ички аъзолар (буйрак, жигар) трансплантация қилишга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхати шакллантирилмоқда.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов иштирокида АОКАда ногиронлиги бўлган шахсларни хатловдан ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда таъкидланишича, ногиронлиги бўлган шахсларни хатловдан ўтказиш жараёнида уларнинг яшаш шароити ва моддий таъминотига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу масалаларга асосан келгусида амалий ёрдам кўрсатиш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида улар учта (“яхши – яшил”, “ўрта – сариқ” ва “қониқарсиз – қизил”) тоифага ажратиб олинмоқда.

Яна бир муҳим масала, ижарада яшаётган ва уй-жойга муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар аниқланиб, уларнинг манзилли рўйхати ҳам шакллантирилди.

Ўз навбатида хатлов ишлари жорий йилнинг 15 февраль кунига қадар тўлиқ якунланиб, аниқланган ҳар бир муаммо ва масалалар бўйича Идоралараро кенгашнинг тегишли “чора-тадбирлар” дастури қабул қилинади.

Моҳигул Қосимова,ЎзА