Бугун, 7 февраль куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, институт жамоаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фойдаланишга топширилаётган талабалар турар жойининг қурилиш-реконструкция ишлари учун институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 855 миллион сўм маблағ ажратилиб, «Golden Star» МЧЖнинг уста қурувчилари томонидан тез суръатларда ҳамда сифатли қилиб битказилди. Реконструкция ишларидан олдин 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойига замонавий икки ярусли ётоқ ўринлари жойлаштирилиб, 600 ўринга етказилди. Замонавий лойиҳа асосида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилган талабалар турар жойи 1 миллиард 600 миллион сўмлик мебель инвентарьлари, 545 миллион сўмлик замонавий газ плиталари, музлатгичлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печьлар, дазмоллар, сув иситиш ускуналари каби маъиший техникалар билан таъминланди.
Талабалар турар жойида талаба-ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, дам олиши, қўшимча тўгаракларда иштирок этиши, таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббусни талабалар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида замонавий ахборот технологиялари, компьютерлар хонаси, ахборот-ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун чолғу асбоблари билан таъминланган тўгараклар, ёшларнинг бўш пайтларида тикувчилик сирларини ўрганиши учун тикув машиналари билан жиҳозланган тўгараклар, шу билан бирга, овқатланиш, ювиниш, интернет тармоғидан фойдаланиш, газета-журналлар мутолаа қилиб, телевизор томоша қилиш учун барча шароитлар мавжуд.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, талабалар турар жойига биринчи навбатда чет эл фуқаролари, олис вилоятлар ҳамда туманлардан қатнаб ўқийдиган кам таъминланган, етим, боқувчисидан айрилган, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандлари жойлаштирилади.
Табдирда қурилиш-реконструкция ишлари якунланган 600 ўринлик талабалар турар жойининг рамзий калити тантанали равишда топширилиб, дастурий тасма кесилди.
Тадбир иштирокчилари талабалар турар жойидаги шароитлар билан танишди.
Шуни қўшимча қилиш ўринли, келгусида Нукус давлат педагогика институтининг 5 қаватли, 1250 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 73 миллиард 322 миллион сўм маблағ ажратилган.
Шу ўринда таъкидлаш зарур, Президент фармони билан тасдиқланган «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури», шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида олиб борилаётган мана шундай ишлар мазкур масалага давлат ва ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан дарак беради.
Вазир ўринбосари С.Бузрукхонов институтнинг янгидан қурилаётган бош биноси ҳамда реконструкция ишлари олиб борилаётган бошқа ўқув биноларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан ўтказиб, ишларни сифатли якунлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
Муаллиф олган расмлар.