«Deloitte» халқаро компаниялар тармоғи Ўзбекистон АКТ бозорига қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари консалтинг ва аудит соҳасида хизмат кўрсатувчи, аудит компаниялари «катта тўртлиги»га кирувчи «Deloitte» халқаро компаниялар тармоғи вакиллари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда IT-соҳасини ривожлантириш тамойиллари ишлаб чиқилиши, хусусан, узоқ истиқболга мўлжалланган АКТни ривожлантириш стратегияларини татбиқ этиш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш жараёнида «Deloitte» компанияси билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама этилди. Бунда ишлаб чиқилаётган тамойиллар телекоммуникацион инфратузилма, «Электрон ҳукумат» тизими, ахборот хавфсизлиги, инновациялар, почта, логистика ва электрон савдо, таълим, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби йўналишларни қамраб олиши зарур.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, узоқ истиқболга мўлжалланган АКТни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юкланган.

 

Роман Бондарчук, ЎзА