Президентимизнинг 2022 йил 29 январдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади.

Мазкур қарор мазмун-моҳиятини ўрганиш ва ундан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб олиш борасида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда мазкур қарор мазмун-моҳияти хусусида сўз борди, унда белгиланган устувор вазифаларнинг амалда ишлашини таъминлашдаги аҳамиятига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, ушбу қарорга мувофиқ, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида бир қатор тартиблар жорий этилмоқда. Хусусан, ҳужжатга биноан маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади. Давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади. Маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда эса уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.

— Президентимизнинг мазкур қарори соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутади, — дейди қўмита аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Қарордаги яна бир муҳим янгилик — эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатиш тақиқланади. Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда, уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади. Қолаверса, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судига тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади.

Семинарда сўз олганлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш лозимлигини, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарурлигини, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорларининг ижро этилиши устидан суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш кераклигини таъкидладилар.

Семинарда бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (фото), ЎзА