Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ИИБ билан тезкор тадбир ўтказилган.Унда фуқаролар С.М. ва Ж.Б.лар олдиндан тил бириктириб, “D.S.” ҳамда “A.S.” фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги фаолияти учун ажратилган 1,2 гектар ер майдонини Г.га гўёки бўш жойлигини айтиб, 4 сотихини 200 млн. сўмга сотишга келишган. Шу тариқа улар олдиндан 10 млн. сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент ва ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари ИИВ билан ўтказган тезкор тадбирда фуқаро Р.Д. И.га танишлари ёрдамида Нукус шаҳри, “Дўстлик” канали бўйидан 5 000 АҚШ доллари эвазига 6 сотих ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 20 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Т.Д. Кармана тумани, “Боғишамол” МФЙ ҳудудидаги таниши А.га тегишли 6 сотих ер майдонини фирибгарлик йўли билан фуқаро Н.га сотишга келишиб, кейинчалик танишлари орқали ҳоким қарорини чиқартириб беришини ваъда қилади. Сўнг харидорга қалбаки ҳужжатларни бериб, эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ситора НАРЗУЛЛАЕВА