Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) беш йилга мўлжалланган 10 млн. долларлик янги дастурни ишга туширди.

Мазкур дастур жорий йилнинг январь ойида бошланган бўлиб, мактабларнинг 8-11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлиш имконини беради.

Дастур мактаб ва мактабдан ташқарида ўқувчиларнинг мактабни битирганларидан сўнг, ишга муваффақиятли ўтишини таъминлайди. Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилаётган дастур қизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларидаги ўринларини янада оширишга ва уларнинг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.

Америка кенгашлари ушбу ташаббуснинг барча жабҳаларида USAIDнинг таълим бўйича асосий ҳамкори — Халқ таълими вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий ташкилотлар жамоаси лойиҳага жалб қилинади. Ёшлар меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасида глобал даражадаги тажрибага эга бўлган техник ҳамкор сифатида – «World Learning» халқаро ташкилоти хизматларидан фойдаланилади.

Лойиҳанинг беш йили давомида Америка кенгашлари меҳнат бозорининг ўзига хос эҳтиёжларини тушуниш, натижаларни мониторинг қилиш ва уларни баҳолаш, аёл ва қизлар ва ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат бозорига жалб этилишини таъминлаш учун маҳаллий экспертлар билан ишлайди. Шунингдек, маслаҳатчи ва мураббий сифатида жалб этиладиган ва амалиёт ўташ жойларини таъминлайдиган компаниялар ва хусусий сектор билан ишлашда давлат идораларига кўмаклашади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА