Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллик органларининг аҳолига энг яқин бўғини сифатида одамларни қийнаётган масалаларни, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни яқиндан билади. Шу боис ҳам маҳаллий Кенгашлар ва Кенгаш депутатлари зиммасига янада залворли вазифа ва масъулият юкланади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ўз мазмун-моҳияти билан  инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш кўзланган муҳим ва дастуриламал ҳужжат ҳисобланади. Мазкур ҳужжатда халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш борасида қатор мақсад-вазифалар ўз ифодасини топган.

Хусусан, халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш вазифаси белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда халқ депутатлари вилоят, туман ва Кенгашларига сайланган депутатлар ўзларининг асосий иш фаолиятларидан ажралмаган ҳолда фаолият юритади. Кўп йиллардан буён маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда сиёсий партиялар томонидан депутатларнинг ойлик-маош тўланган ҳолда доимий асосда фаолият юритишини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилар эди. Тараққиёт стратегиясида бу борада аниқ вазифаларнинг белгилангани, яъни халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилиши уларнинг иш фаолиятида янада самарадорликни оширишга хизмат қилади.

— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимиз равнақига қаратилган қатор юксак мақсад ва марралар кўзлангани билан эътиборга молик, — дейди халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати  Васила Файзиева. — Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг мавқеини юксалтириш, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича вазифалар биз депутатларнинг масъулиятини янада оширади. Биз маҳаллалар билан ишлашда янада фаолроқ бўлишимиз, маҳаллаларда жорий этилган ҳоким ёрдамчилари билан мунтазам алоқада бўлиб, жойлардаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш чораларини кўришимиз лозим.

Яна шу ўринда таъкидлаш жоизки, халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилиши халқ вакилининг чалғимасдан, фақат одамлар дарду ташвиши билан яшашига, доимий тарзда депутатлик ваколати доирасидаги ишлар билан шуғулланишига замин бўлади. Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар жойлардаги долзарб муаммоларни парламент ва сенаторлар кўмагида ҳал этиш имкониятларимизни кенгайтиради. Шу маънода Тараққиёт стратегиясида белгиланган бу борадаги мақсад-вазифаларни мамнуният билан қабул қилдик.

Дарҳақиқат, Тараққиёт стратегиясида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш, маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар жойлардаги муаммоларни бартараф этиш, одамларни қийнаётган масалаларга тезроқ ечим топишда муҳим ўрин тутади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА