Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминловчи йирик энергообъект ҳисобланган “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кун-у тун узлуксиз иш фаолияти ташкил этилган.

Станцияда 2 та турбогенератор ҳамда 6 та қозон, 2 та энергоблок, ҳар бири 280 МВт қувватга эга 2 та замонавий буғ-газ қурилмалари тўхтовсиз равишда ишламоқда. Аҳолига сифатли ва узлуксиз электр ҳамда иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида, станция ходимлари ҳозирги об-ҳаво шароитида касб вазифаларини муносиб адо этмоқда.

“Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятининг республикадаги ўрни беқиёс. Унинг ишлаб чиқариш қуввати 1190 МВт, иссиқлик энергияси етказиб бериш қуввати эса 130 Гкал /соатни ташкил этади.

Бугунги кунда станцияда жаҳон талабларига жавоб бера оладиган замонавий ҳамда энерготежамкор буғ-газ қурилмалари тўлиқ қувватларда ишламоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА