Нукус шаҳридаги “Дўстлик уйи”да Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Жаҳолатга қарши маърифат билан” ҳамда “Кийиниш маданияти” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Сапарбоев мамлакатимизда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва диний  бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда бугунги кунда баъзи жойларда аҳоли, хусусан, ёшларнинг бузғунчи ғоялар таъсирига берилиб қолиши,  тинч аҳоли кундалик турмуши ва кийиниш маданиятига дин ниқоби остида таъсир этиш ҳоллари учраб тургани, бундай нохуш вазиятларнинг олдини олишда журналистларнинг роли ҳақида гап борди.

Дарҳақиқат, ёш авлодни бузғунчи ғояларга эргаштиришни мақсад қилган экстремистик оқимлардан асрашимиз, интернет тараққий этган айни даврда  баъзи тармоқларда берилаётган турли асоссиз маълумотларга таянмаслик лозимлигини уларга уқтиришимиз бугунги кун талаби.
Шундай экан, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга садоқат туйғуларини шакллантириш, керак бўлса, улар онгида мафкуравий, маънавий иммунитетни кучайтиришга муҳим аҳамият қаратишимиз лозим.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, ЎзА