Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароликни расмийлаштириш соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фуқароликка қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш учун ваколатли давлат органига мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилади.

Бунда, ваколатли давлат органи ва давлат хизматлари марказлари томонидан анъанавий тарзда ID-карта олиш, фуқароликка қабул қилиш ёки аксинча, фуқароликдан чиқиш учун мурожаат қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби ҳам сақлаб қолинади.

Регламентда Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ягона интрактив давлат хизматлари портали орқали идентификацияловчи ID-картасини олиш учун ариза юбориш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланган.

Мурожаат қуйидаги шаклда амалга оширилади:

Биринчи босқичда, Ўзбекистон фуқароси, фуқаролиги йўқ шахс, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ўз хоҳишига кўра, ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. ID-картасини олиш учун электрон сўровномани тўлдиради ва автоматик тарзда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига юборади. Иккинчи босқичда, ваколатли орган маълумотлар ҳаққонийлигини текширади, маълумотлар ҳаққонийлиги тасдиқланса, мурожаат этувчига хабарнома юборилади.

Сўровномада нотўғри маълумотлар бўлса, ваколатли орган томонидан хатоларни тузатиш учун беш иш кунидан иборат муддат берилгани тўғрисида хабарнома юборилади.

Белгиланган муддатда сўровномадаги хатолар тузатилмаган тақдирда, автоматик тарзда сўровномани рад этади. Учинчи босқичда, мурожаат қилувчи “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда тўловни амалга оширади. Тўртинчи босқичда, мурожаат этувчи тегишли хабарномани олгандан сўнг зарур бўлган ҳужжатларни, ваколатли органнинг қарорини ва давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни уч иш куни ичида ваколатли органга шахсан тақдим этади. Бешинчи, якуний босқичда ваколатли орган ID-картани расмийлаштиради ва мурожаат этувчига тақдим этади.

 

ЎзА