Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига борган киши айнан у ердаги тупроқни кўриб ҳайрон қолади. Чунки, ерда шўр йўқ. Бошқа туманлар ерларида ёзнинг кунлари оппоқ қордек ётадиган шўр ерлар бу жойларда учрамайди.

Тупроқ эса унумдор, бўз. Фуқароларнинг айтишича, ерга нима экса, унади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида денгиз қуригандан кейин аввал балиқчилик билан шуғулланиб келган маҳаллий аҳоли деҳқончиликка қўл уради. Экин жуда унумдор чиқади. Шу пайтларда республика бўйича мактаблараро мусобақалар ўтказиб турилган. Яъни, қайси мактаб ўқувчилари кўп ҳосил йиғиб мактабга топширса – шу ғолиб деб топилган. Мўйноқ туманининг овулларидаги қатор мактаблар помидор экиш бўйича Ўзбекистонда энг илғор мактаблар қаторидан жой олади. Мўйноқнинг қовун-тарвузлари жуда ширин бўлиб етилади. Халқ орасида ҳозир ҳам гап бор: “Мўйноқнинг қовун-тарвузини еган киши бошқасига қарамай қолади”.

Мўйноқнинг Шеге қишлоғи атрофи аввал боғ бўлган, у ерда қора тарвуз экилган. Бу тарвузлар ҳаттоки экспортга йўналтирилган.

Бир куни шу овулдаги мактабнинг битта ўқувчиси тарвузнинг сиртига ўзининг исми-шарифи, манзили, мактабини ёзиб юборади. Бу тарвуз Қўнғиротдан поездларга юкланиб Россияга кетади. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин мактабга Россиянинг қайсидир ўлкасидан мактуб келади. Унда шундай ёзилган эди: «Азиз ўқувчи, Сизнинг тарвузингизни олдик. Едик. Умримда бундай ширин тарвузни еб кўрмаганман. Оролнинг қуриган тубида мана шундай тарвуз етиштирилгани мени таажжубга солди. Манимча, дунёдаги энг ширин тарвуз – Мўйноқда…».

Мўйноқ ерларининг бўз бўлиши табиий. Сабаби, Амударё бир вақтлари бу ерларга йилига 14 миллион тонна табиий минералга тўйинган лойқа оқизиб келиб турган. Маҳаллий аҳоли ҳанузгача экинларини ҳеч қандай кимёвий ўғитсиз етиштиради.

2000 йил бошларидан кейин туманда сув танқислиги кузатила бошлади. Экинларни суғориш мумкин бўлмай қолди. Сув танқислиги туфайли маҳаллий аҳоли деҳқончилик билан шуғуллана олмай, чорвачиликка ўтган эди.

Яқин йиллардан буён Мўйноқ атрофини боғдорчиликка айлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда «Ёшлар боғи», «Қўқон боғи», «Ажиниёз боғи», «Ўзбекистон Миллий университети боғи», «Навоий ташаббус боғи» каби ўнлаб боғлар пайдо бўлди.

Е.Қаноатов, ЎзА