Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Тошкент шаҳрида Қуролли кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари иштирокида тантанали юриш тадбири бўлиб ўтди.

Ҳарбий хизматчилар жанговар сафда 3 400 метр масофани босиб ўтишди.

Бу ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган аскар ва зобитларимизнинг кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб этиш билан бирга Ватанимиз посбонларининг шаҳду шижоатини намойиш этди.

Аслида Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг бурчи. Турмуш ташвишлари билан андармон оддий нонвойдан эл хизматидаги таксичигача, уйда болажонлар тарбияси билан кунларни тонгларга улаётган онажонларимиздан тортиб, кенг далаларни боғу бўстонларга айлантираётган бободеҳқонларимизгача қайсидир маънода шу тупроқ, шу эл ҳимояси, унинг равнақи билан машғул бўлган инсонлар, десак муболаға бўлмайди.

Лекин эгнида ҳарбий либоси ўзига ярашиб турган тинчлигимиз посбонлари бўлган ҳарбийлар эса том маънода жонажон Ватанимизнинг ҳақиқий ҳимоячиларидир. Улар борки, тунларимизда ҳаловат, тонгларимизда мунавварлик, дастурхонларимизда файзу тароват, шаҳару қишлоқларимизда ободлик, одамларнинг бир-бирига ишончи, меҳру муҳаббати барқарор.

Яқин ўтган кунларда қардош ва қондош Қозоғистонда рўй берган нохуш воқеалар тинчлик нақадар улуғ неъмат эканлигини янада теранроқ ҳис эттирдики, халқимиз қалб-қурида ўз ҳимоячилари бўлган  ҳарбий хизматчиларни ардоқлаш, уларнинг беназир хизматларига муносиб бўлган ҳолда келажакка қатъий ишонч ҳисси билан ҳамжиҳат бўлиш нақадар муҳим тамойил эканлигини англатди.

Осойишта юртга байрамлар, бунёдкорлик ишлари, спорт мусобақалари ярашади. Шу маънода, соғлом турмуш тарзи бўлган пиёда юришнинг ҳарбий сафда 3400 метр масофада шахдамлик кўрсатган ҳарбийларимиз пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройи олдида кенг жамоатчилик, ота-оналар, уларнинг фарзандлари томонидан тантанали кутиб олинди.

Шу ернинг ўзида Ватанимизнинг куч-қудрати, халқимиз осойишталигининг кафолати бўлган ҳарбий техникаларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг байрамона юриш тадбири якунланди. Лекин унинг тафти, ҳисси кўпнинг кўнгилига «Армия ва халқ – бир тану бир жон» ғоясини янада теранроқ жо этса, не ажаб.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА