Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида Қорақалпоғистон халқ рассоми, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, марҳум Қаўендер Бердимуратовнинг “Жонланган чизиқлар” деб номланган кўргазмаси очилди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси У.Утегенова, Қорақалпоғистон халқ рассоми С.Байбосинов ва бошқалар таъкидлаганидек, кўргазманинг асосий мақсади қорақалпоқ тасвирий санъати тарихидаги таниқли рассомнинг ишлари билан аҳоли, айниқса, ёшларни яқиндан таништириш, келажак авлод учун ижод мактаби ва устоз рассомларнинг ижодига бўлган эътибор, соҳага бўлган қизиқишни янада орттиришдан иборат. Марҳум рассом Қаўендер Бердимуратов рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика йўналишида ижод қилган.

Шунингдек, тарихий портрет ва бошқа жанрларда картиналар яратган. Рассомнинг тарихий жанрдаги картиналари мавзусида XIX-XX асрдаги қорақалпоқ халқининг миллийлигини кўриш мумкин. Миллий кийимлардаги хотин-қизлар образига, ундаги миллий безак буюмларининг ҳар бир деталигача эътибор қаратилган. Портрет жанрида эса, қорақалпоқ ботирлари, классик шоирлари, қорақалпоқ адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи-шоирлар, жировлар, таниқли ижодкорларнинг образларини яратган.

Шунингдек, рассом ижоди давомида болаларга бағишланган кўплаб эртак китобларга, қорақалпоқ фолькларининг 11 та жилдига иллюстрация ишлаган. Рассом картиналари бугунги кунда музей коллекцияларида сақлаб келинмоқда. Кўргазмада рассомнинг 50 та рангтасвир, графика ва иллюстрация асарлари намойиш этилмоқда.

Довуд Абибуллаев,  
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА