Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 30 декабрь куни имзоланган “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида яна бир муҳим ҳужжат бўлди.

Қарорда аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга ошириладиган бир қанча вазифалар белгиланган.

Ҳозирда Оролбўйида ушбу ҳужжат юзасидан, яъни ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ёки ушбу фаолиятни йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга кўрсатиладиган имтиёз ва имкониятлар бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Бунда “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, ҳамкор идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари фаоллик кўрсатмоқда.

Бугунги кунда  Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 9 минг 781 нафар ҳунарманд рўйхатдан ўтган. Уларнинг 2760 дан зиёди уста, 7020 нафари шогирд ҳисобланади. Ўтган 2021 йилда “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ёшларни ҳунармандчиликка йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳунармандларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор ишлар бажарилди.

Нукуслик Гулжаҳон Заримова 2020 йил уюшмаган аъзо бўлган. У қорақалпоқ халқ миллий либосларини тикиш билан шуғулланади. Шу билан бирга, бир қанча ёшларни шогирдликка олиб, уларга саукеле, киймешек, шапан каби бир қанча миллий либос турларини ҳамда нақш тушириш сирларини ўргатмоқда.

– Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган ҳар томонлама ғамхўрлик, биз, ҳунармандларни жуда қувонтирмоқда, – дейди Гулжаҳон Заримова. Қабул қилинган сўнгги қарор ҳунармандларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатиш учун имтиёзларни янада кенгайтирди. Бундан самарали фойдаланган ҳолда, келгусида фаолиятимни кенгайтириш ҳамда шогирдларим сонини кўпайтириш ниятидаман.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА