Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида юртимиздаги коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизга “омикрон” штамми кириб келиши, келгусида кўзда тутилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимовнинг таькидлашича, юртимизда 2021 йил июнь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб касалланиш кўрсаткичлари ўсган.

Июль ойида касаллик аниқланишининг юқори чўққисига чиқди, август ойининг биринчи ярмида бироз стабиль ҳолат юзага келди. Август ойининг иккинчи ярми ва сентябрь ойидан бошлаб касаллик аниқланишининг пасайиши кузатилгани ҳамда сўнгги бир ҳафта давомида касалланишнинг ошгани қайд этилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 16 та махсус тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Ушбу муассасалар сони зарурат туғилса, 132 та, койкалар сонини эса 32 мингтага етказиш имкони бор.

ЖССТ маълумотига кўра, «омикрон» штаммига чалинган беморларнинг 98 фоизи уй шароитида, 2 фоизи эса стационар тарзда даволанмоқда. Чунки вируснинг мазкур тури асосан юқори нафас йўлларига зарар етказади.

Юртимизда  штамми қайд этилган илк бемор 2-сонли Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Айни пайтда унинг ҳолати қониқарли. Ушбу чет эл фуқароси билан бир самолётда келган барча йўловчилар карантинга олинган. Улардан 130 нафари ўзбекистонликлар бўлиб, улар уй шароитида, 70 нафар чет эллик фуқаро меҳмонхона шароитида карантин ўтамоқда.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши вакцина вируснинг барча штаммлари каби “омикрон”дан ҳам ҳимояланишнинг энг самарали усулидир.

– Ўзбек-хитой вакцинасининг биринчи дозасини қабул қилган инсонларда  жуда яхши иммунитет ҳосил бўлгани кузатилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов.  – Кейинги ва бустер дозани олганларда коронавирусга қарши иммунитет ундан-да яхши шакллангани кўринди. “Омикрон” олдинги штаммлардан  битта “s” оқсилидаги мутацияси билан фарқланади. Қолган 99,9 фоиз антиген активлиги аввалги штаммлар билан бир хил даражада. “Делта” ва “Ухан” вариантига бизнинг ўзбек-хитой вакцинамиз жуда катта самара берган ҳамда  вакцина кучи бу штаммга нисбатан ҳам 99,9 фоиз самарага эга.

– Биз ковид билан курашишда халқаро тажриба, халқаро ҳамкорликка таянаяпмиз, халқаро илмий изланишларни тўлиқ амалга оширяпмиз, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Хитойнинг бу борадаги ютуқларини бугунги кундаги рақамлар кўрсатиб беряпти. 171 мамлакат ичида Хитой касалланиш кўрсаткичи энг кам давлат ҳисобланади.  Бу эса Хитойнинг бу борадаги изланишларида аниқлик борлиги, ҳаққоний натижалар бераётганини билдиради.  Ҳақиқатдан ҳам қўшма вакцинамизнинг “омикрон”га тўлиқ таъсир қилиши исботланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида кундузги тарзда таълим олаётган талабаларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши ихтиёрий тарзда эмланган. 24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади.

Моҳигул Қосимова,
Ёқуб Мелибоев (видео),
ЎзА