Марказий Осиё минтақасида калцинацияланган сода ишлаб чиқарувчи ягона ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси жамоаси янги йилнинг дастлабки иш ҳафтасини катта мақсадлар билан бошлади.

Бугунга келиб, заводда кунига 600 тонна сода ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 200 минг тонна ишлаб чиқарилаётган маҳсулот асосан шиша ва ювиш воситалари ишлаб чиқаришда, рангли металлургия, енгил саноатда ҳамда қоғоз саноатида, сув тозалаш ишларида асосий кимёвий қўшимча сифатида ишлатилади.

2021 йил мобайнида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми олдинги йилга нисбатан 105,3, калцинацияланган сода ишлаб чиқариш ҳажми 141,7 фоизни ташкил этди. Натижада йил давомида 439,8 миллиард сӯмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, рентабеллик 19,8 фоизни ташкил қилди ва ўтган йилга нисбатан 13,5 баробар ўсишига эришилди. Шу давр мобайнида хорижий валютада 12,8 миллион АҚШ доллари ва миллий валютада 7,7 миллиард сўм миқдорида кредит сўндирилди.

Завод маҳсулотлари асосан “Кварц”, “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятларига, “CAMPALIA XK” масъулияти чекланган жамиятига, “Асл ойна” очиқ акциядорлик жамиятига ва бошқа корхоналарга узлуксиз етказиб берилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нафақат ички бозорда, балки чет давлатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Жумладан, маҳсулотлар ўтган йиллар мобайнида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон каби давлатларига экспорт қилинди.

Корхонада ишлаб чиқариш кўлами ортиши ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилашга, ўз вақтида иш ҳақи ва мукофот пуллари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА