Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Тўрткўл тумани бўлимлари томонидан ИИВ ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ю.Р. ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда алкоголь ичимликларни ишлаб чиқараётганлиги аниқланди.

Ундан жами 2203 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти, 15 литр спирт ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Чимбой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Т. ўз уйида яширин цех ташкил этиб, харидор Г.га қалбаки акциз маркали 120 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулотини 4 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу яширин цехдан қалбаки акциз маркали жами 1804 дона “Қаратау” алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро К.У. “Дамас” русумли автотранспорт воситасида қалбаки акциз маркали жами 530 дона “Қаратау” алкоголь маҳсулотини сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланди. Қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА