Жорий йилнинг 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳукумат қарори билан Кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди.

Мазкур қарор билан кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш учун бошқариш органи томонидан ҳар бир кўп квартирали уй учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилади.

Мисол учун, 18-сон кўп қаватли уйдан йиғилган “квартплата” 19-сон уй учун сарфланишига йўл қўйилмайди ва бу ишлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинади. Шунингдек, аҳоли томонидан бошқарув органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ҳам инспекцияга шикоятлар юбориш имнояти яратилиб, ижроси ҳақида ҳам ҳисобот бериб борилади.

Шунингдек, кўп квартирали уйда умумий мол-мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланган минимал рўйхат асосида кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида  тасдиқланади.

Қолаверса, бошқариш органлари томонидан кўп квартирали уйларда авария вазиятларини бартараф этувчи 24/7 режимида ишлайдиган  авария-диспетчерлик хизмати ташкил этилади, бунга молиявий имконияти ёки моддий-техника базаси етарли бўлмаган тақдирда, авария-диспетчерлик хизмати кўрсатувчи бошқа ташкилотлар жалб қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан доимий равишда жой мулкдориларининг сўровномаси асосида коммунал хизматларнинг ҳажми (миқдори), умумий мол-мулкни сақлаш мақсадида сарфланган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади.

Бошқариш органлари томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Натижада, мажбурий бадаллар ҳисоби хонадонлар кесимида юритилади ва тўлов бўлганлиги тўғрисидаги маълумот фойдаланувчининг мобил телефонига қисқа хабар (SMS) шаклида юборилади. Бошқарувчи органларга мурожаатларни электрон шаклда юбориш мумкин бўлади ва уларнинг  ижроси мутасадди органлар томонидан назорат қилинади.

Ҳар бир мулкдорда биллинг тизими орқали онлайн тартибда уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишини ўтказиш учун мулкдорларни чақириш имконияти бўлади.

Энг муҳими уй-жой мулкдорлари ўртасида сўровномалар ўтказилиб, бошқариш органи фаолияти тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар онлайн таҳлил қилинади ва шу тариқа кўрсатилган хизматлар сифати аҳоли томонидан баҳоланади.

Бошқариш ташкилотлари электрон рейтингида жами тўпланадиган баллнинг 60 фоизи аҳоли томонидан билдириладиган фикр-мулоҳазаларга асосланади. Мулкдорларга бошқарувчи орган томонидан бажарилган ишлар,  ҳар олти ойда мажбурий бадаллар ва тўловларнинг тушуми ва уйни бошқариш бўйича харажатлар тўғрисидаги ҳисоботлар онлайн етказилади. Бунда аҳоли квитанцияни юклаб олиш орқали ҳисоб-фактура билан ҳам батафсил танишиши мумкин.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА