Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда етакчи соҳалардан бири ҳисобланган кимё саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелда қабул қилинган “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра,“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ устав капиталидаги улушининг 51 фоизи хорижий инвесторга сотилди. Натижада ишлаб чиқариш кўлами ортиб, корхонанинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб бормоқда. Бу эса ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилашга,маҳсулот сифатининг ортишига хизмат қилмоқда.

“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Ўрта Осиё минтақасида калцинацияланган сода ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади.

Марказий Осиёдаги ягона бўлган сода заводи ишлаб чиқариш технологияси мураккаб босқичларни қамраб олади. Асосий хомашё Устюрт платосида жойлашган Борсакелмас конидан қазиб олинадиган туздир. Ишлаб чиқаришда ишлатиладиган оҳактошнинг сифати жуда юқори ҳисобланади ва бу хомашё Жамансай конидан етказиб берилади.

Бугунга келиб, завод йилига 200 минг тонна сода ишлаб чиқармоқда. Бу маҳсулотлар шиша ва ювиш воситалари ишлаб чиқаришда, рангли металлургия, енгилсаноатда ҳамда қоғоз саноатида, сув тозалаш ишларида асосий кимёвий қўшимча сифатида ишлатилади.

– Завод ускуналарининг тинимсиз ишлатилиши ҳамда аксариятининг эскириши натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида кунлик ишлаб чиқариш қуввати 450-470 тоннагача тушиб кетди, – дейди қўшма корхона бош директори Жаҳонгир Мустафаев. –Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Ўзкимёсаноат” ҳамда “Ўзкимёсаноатлойиҳа” акциядорлик жамиятлари мутахассислари, инвесторларнинг ташаббуси билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 31 миллиард сўм эвазига ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Натижада жорий йилнинг биринчи ярмига нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 34,7 фоизга оширилди. Жумладан, модернизация қилиш ишларидан сўнг сентябрь-ноябрь ойларида қўшимча 33,5 миллиард сўмлик 12516 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, хомашё ва материалларга кетадиган истеъмол анча тежалишига эришилди. Йил якунлари бўйича 488,8 миллиард маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соф фойда 48,5 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда, соф фойда микдори ўтган йилга нисбатан 14,1 баробарга ошди. Ҳозир кунига 600 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

2021 йил январь-декабрь ойларида маҳсулот сотишдан соф тушум 442,9 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 117,5 фоиз ўсишга, рентабеллик 18,7 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 12,8 баробар ўсишига эришилди. Шу давр мобайнида хорижий валютада 12,8 миллион АҚШ доллари ва миллий валютада 7,7 миллиард сўм миқдорида кредит сўндирилди.

Корхонада ташкил этилган майдаланган ош тузи ишлаб чиқариш цехида ўрнатилган ускуналарнинг яроқсиз ҳолга келиб қолиши натижасида фаолияти тўхтатилган эди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг корхона раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқариш ускуналари мукаммал таъмирланиб, цех яқинда қайта ишга туширилди. Шунинг натижасида 12 нафар киши иш билан таъминланди. Ҳозирда бу ерда ойига 850 тонна ош тузи ишлаб чиқарилиб, харидорларга етказиб берилади. Бундан ташқари, мутахассислар томонидан қуритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Ош тузи учун учун зарур хомашё корхонадан 21 километр узоқлиқда жойлашган “Қараўимбет” туз конидан автомашиналарда етказиб берилади. Ушбу тузни қайта ишлаш орқали ойига 148 миллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилади. Келгуси йили цех негизида қуввати йилига 20 тонна йодланган ош тузи ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Унинг ишга тушиши билан йилига 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 16 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса, корхонанинг молиявий юксалишига ижобий таъсирини кўрсатиш билан бирга, аҳолини сифатли ош тузи билан таъминлашга хизмат қилади.

Завод маҳсулотлари асосан “Кварц”, “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятларига, “CAMPALIA XK” масъулияти чекланган жамиятига, “Асл ойна” очиқ акциядорлик жамиятига ва бошқа корхоналарга узлуксиз етказилиб берилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нафақат ички бозорда, балки чет давлатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Жумладан, маҳсулотлар ўтган йиллар мобайнида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон каби давлатларга экспорт қилинди.

Қўлга киритилаётган юксак кўрсаткичлар ишчи ходимларга яратилган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор самараси, десак муболаға бўлмайди. Корхонада ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қайта кўриб чиқилиб, йил давомида иш ҳақи миқдори 20 фоизга оширилди. Байрам кунлари муносабати билан бериладиган рағбатлантириш микдори ўтган йилда ҳар бир ходим учун 2 миллион сўм бўлган бўлса, бу йил якуни бўйича 5 миллион сўмни ташкил этиши  кутилмокда.

Аввал корхонада ўтказилган иш жойларини аттестация қилиш якунлари бўйича 300 нафар ходим учун даволаш-профилактика, овқатлантириш ташкил этилган булса, ҳозирда корхонанинг барча ходимлари, яъни 1800 нафар ходим учун овқатлантириш тизими ишга туширилди.

Ходимларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида касаба уюшма қўмитаси иш режасига мувофиқ ва ҳар бир байрам муносабати билан спорт турлари бўйича мусобақалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ушбу мусобақаларда жами 1517 нафар ходим иштирок этган бўлса, шундан 503 нафарини хотин-қиз ташкил этади. Бундан ташқари корхонанинг ҳар бир цех ва бўлимларида соғломлаштириш гимнастикаси жорий этилган бўлиб, ҳозирги вақтда 1176 нафар ходим доимий шуғулланиб келмокда. Ишловчи ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни қадимий зиёратгоҳлар, қадамжолар, янги қурилган иншоотлар билан таништириш мақсадида 500 нафардан ортиқ ходим учун саёҳат уюштирилди.

Корхонада меҳнат қилаётганларнинг 640 нафарини ёшлар ташкил қилади. Раҳбарият томонидан ёшларнинг билимини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилда ёшлар учун яратилган яна бир янгилик, ишдан ажралмаган ҳолда олий ўқув юртларида шартнома асосида таълим олаётган 24 нафар ёшнинг шартнома пуллари беғараз тўлаб берилди.

– Заводимизда ишчи-ходимлар, шу жумладан хотин-қизлар учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди кальцинация цехи ишчиси Дамехон Файзуллаева. – Отам Тенгелбой Файзуллаев ишлаб чиқариш бўлимида меҳнат қилса, онам Арухон Тўребоева ўтган йили шу ердан нафақага чиқди. Ишдан бўш вақтлари спорт билан мунтазам шуғулланамиз. Волейбол жамоамиз Бухоро, Наманган, Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаб қайтди.

Корхона бош директори Ж.Мустафаев томонидан ишчи ходимлар ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, муаммоларини имкон даражасида ҳал қилиш мақсадида мунтазам сайёр қабул ўтказиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 февралдаги “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Uz-Kor Gas Chemical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасидан карбонат ангидрид газини қабул қилиб, корхонамизга ташиб келиш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа яқин кунларда ишга туширилади. Бу эса калцинацияланган сода ишлаб чиқариш қувватини йилига 10 минг тоннага ошириш имконини беради.

Шунингдек, юқорида қайд этилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2021-2024 йилларда Қўнғирот сода заводида кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш қувватини 250 минг тоннага (200 минг тоннадан 450 минг тоннага) кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича техник шартлари корхонанинг мутахассислари билан биргаликда тайёрланиб, жорий йилнинг май ойида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг илмий техник кенгашида тасдиқланди.

Лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш учун “EPC+F” шартлари асосида пудратчи ташкилотни аниқлаш учун халқаро тендер савдолари эълон қилинди. Бугунги кунда тендер савдолари якунланди ва завод қурилишини амалга оширувчи ташкилот аниқланиб, шартнома тузиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қурилишга жалб қилинадиган мутахассисларни ётоқ жой билан таъминлаш мақсадида Элобод шаҳарчаси қошидан 20 ўринли, барча қулайликларга эга меҳмонхона ва 12 та контейнердан иборат замонавий уйлар қуриб фойдаланишга топшириш арафасида турибди.

Келгуси 2022 йилда Элобод шаҳарчасида ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган, ички йуллар ва ишчилар ётоқхоналарида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади. Завод ишчилари учун шаҳарчада 18 хонадонли турар жойнинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган, саҳро бағридаги мўъжиза деб ном олган Қўнғирот сода заводида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, ишчи-ходимлар учун қулай меҳнат шароити яратиш борасида мана шундай кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА