Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, “Алишер Навоийнинг барҳаёт мероси” мавзусида адабий кеча ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Айдар Ахтареев, Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Азиз Саид, шунингдек, таниқли адабиётшунослар, китобхонлар ва бошқалар сўзга чиқиб, улуғ аллома ижоди ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Бу ҳақда агентлик телеграм канали хабар бермоқда.

Шу билан бирга тарих фанлари доктори, Россиядаги Шарқ Давлат музейи Бош директорининг ўринбосари, “Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари тўплами” номли  қўлёзмалар альбом —  каталоги тузувчиси ва сўзбоши муаллифи Илья Зайцев ҳамда M.И.Рудомино номидаги Бутунроссия чет эл адабиёти кутубхонаси директори Павел Кузьмин (Москва) видеомурожаат йўллади.

Тадбир доирасида “Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари” каталогининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур каталогда шоирнинг Татаристон миллий архиви ҳамда кутубхонасида сақланаётган ўндан ортиқ ноёб қўлёзмалари жамланган. Каталог Татаристон Республикаси Миллий кутубхонаси, Татаристон Республикаси Федерал университетининг Н.И. Лобачевский номидаги Қозон (Волгабўйи)  илмий кутубхонаси, Татаристон Республикаси Давлат архиви мутахассислари томонидан тузилган. Тадбирда мазкур тўплам Алишер Навоий ижодини Россияда кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

– Бутун умри давомида халққа хизмат қилган ва боқий асарлар яратган буюк мутафаккир издоши эканимиздан жуда фахрланамиз. Унинг бебаҳо ижоди нафақат ўзбек, балки бутун дунё адабиёти ривожига муҳим ҳисса қўшган. Унинг асарлари Ғарбда XVI асарлардаёқ муносиб қадрланган ва кўплаб тилларга таржима қилинган. Тақдимоти ўтказилган “Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари” каталоги ҳам рус тилида сўзлашувчи халқлар учун муҳим манба бўлади, деб ишонаман, — деб таъкидлади Асаджон Ходжаев.

Тадбирда Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганиш, ёшлар орасида кенгроқ тарғиб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, буюк мутафаккирнинг ўлмас ижодини келажак авлодга тўла-тўкис етказиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Н.Усмонова,
ЎзА