Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида бўлиб, ҳудуднинг мавжуд имкониятларини ўрганди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Маҳаллий раҳбарлар ва мутахассислар ҳамкорлигида 2022-2024 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаси ишлаб чиқилади.

Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сурхондарё вилояти тадбиркорлари ҳам Тахиатош тумани аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш учун ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, янги иш ўринлари барпо этишга бел боғлаган. Шунга мувофиқ, вилоят тадбиркорлари саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қатор лойиҳани амалга ошириб, уч мингга яқин иш ўрни яратади.

Жумладан, “Nortx industry materrials”. “Citu Termiz group” масъулияти чекланган жамиятлари донни қайта ишлаб, ун маҳсулотлари, “Нукус Инденим” масъулияти чекланган жамияти тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш корхонасини бунёд этади. “Остона Килем” масъулияти чекланган жамияти кооперация асосида жундан ип-йигирув ва гилам тўқишни йўлга қўяди. “Сурхон Нукус Мебель” масъулияти чекланган жамияти логистика маркази қуради.

Туманда рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳам изчил ривожлантирилади. Бунинг учун “Термиз тезкор қурилиш” ихтисослашган таъмирлаш кўп тармоқли ташкилоти, “Мухтадир таъмир”, “Соадатбону Азиза” масъулияти чекланган жамияти, “Сантехмонтаж” хусусий корхонаси ва бошқа қатор тадбикорлик субьектлари қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этади.

Иссиқхоналар, майда ва йирик шохли моллар комплекслари қад ростлайди. Замонавий тиббий клиника ва мактабгача таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилади. Икки мингга яқин иш ўрни яратилади.

Туманда 20 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш учун 308 миллиард 240 миллин сўм маблағ сарфланиб, ҳудуднинг экспорт салоҳияти янада оширилади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  ЎзА мухбири