2021 йил 27 декабрь куни “Ўзбекфильм” киноконцернида “UZBEKISTAN MEDIA AWARD – 2021” ижтимоий медиа маҳсулотлар танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси,  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор давлат ва жамат ташкилотлари  билан ҳамкорликда  ўтказилди.

Танловдан кўзда тутилган мақсад ЎзЭОАВМА ташаббуси  билан қабул қилинган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” миллий медиа дастуридаги  лойиҳалар доирасида  Ўзбекистоннинг янги ва ёрқин қиёфасини акс эттириш, миллий манфаатларимизга, томошабин ва тингловчилар эҳтиёжларига мос, воқеа-ҳодисаларни холис акс эттирувчи, ранг-баранг мавзуларни қамраб олган кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, фильмлар, ижтимоий видео ва аудиороликлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш, журналистларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, веб-сайтлар ва блогерлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Тадбирнинг очилишида Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси Адҳам Шодмонов, Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар жорий йилда мамлакатимиз медиа маконида юз берган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўз эркинлиги, журналист ва блогерлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси  ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини халқимизга ва халқаро жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний тарзда етказилишига кўмаклашиш мақсадида 60 та лойиҳани ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-дастури қабул қилинди.   Вазирлик ва идоралар, корхоналар билан тузилган ҳамкорлик шартномалари асосида мазкур лойиҳанинг моддий асослари яратилди. Мазкур ҳамкорлик натижасида келиб тушган    маблағнинг асосий қисми ушбу вазирлик ва идоралар фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи хабар ва лавҳалар, фильм ва репортажларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Ассоциация бугунга қадар аъзо 50 га яқин нодавлат теле ва радиостанцияларнинг фаолиятини қўллаб қувватлаш орқали мамлакатда сўз эркинлигини, демократик анъаналарни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Айни пайтда телеграм, инстаграм, фейсбук ижтимоий тармоқларида Ўзбекистоннинг тарихи, бугунги ўзгаришлар, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, спорт сингари йўналишларда 30 га яқин каналлар ва саҳифалар очилган. Мазкур ижтимоий тармоқлардаги “Ижобий олам” логоси остида очилган саҳифаларда 100 мингга яқин обуначилар қамраб олинган.

Sevimli, ZO”R TV, MY5, UzReport, ЎзНТТ, Milliy TV телеканалларда жойларда олиб борилаётган ислоҳотларни ёритиш, Президент, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини акс эттирувчи ахборот-таҳлилий дастурларни эълон қилинмоқда. “Ренессанс ТВ” фаолияти йўлга қўйилди ва тест режимида эфир дастурлари намойиш этилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида ЎзЭОАВМА қошида ахброт маркази иш бошлади. Марказ томонидан шу вақтгача 140 та таҳлилий репортаж, 370 та лавҳа, 82 та кўрсатув, 40 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар тайёрланди. Сайлов ҳақидаги аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қатор телеканалларда ва радиоканалларда 3 мингдан ошиқ кўрсатув ва эшиттиришлар узатилди. Хорижий телеканаллар, ахборот агентликлари,  электрон ва босма нашрларда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида 400 дан ортиқ таҳлилий материаллар эълон қилинган.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш лойиҳаси доирасида ”Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги китоб-альбомларни чоп этиш ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган энг яхши медиа лойиҳа йўналишида режиссёр Фурқат Усмонов томонидан суратга олинган “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильми лойиқ топилди.  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси жараёнларини ёритишга қаратилган энг яхши медиа дастур сифатида ЎзЭОАВМА Ахборот марказининг “Янгиланаётган Ўзбекистон” туркум кўрсатувлари эътироф этилди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган энг яхши ижтимоий видеоролик йўналишида “Ёшлик киностудияси” ДУК муносиб топилди. “Рухсор FM” радиоканали Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган энг яхши ижтимоий аудиоролик йўналишида ғолиб чиқди. Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” халқаро мультимедиа лойиҳаси  “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” миллий медиа дастури доирасида тайёрланган энг яхши медиа лойиҳа  деб топилди.

Шунингдек, “Йилнинг энг яхши ҳудудий телеканали”, “Энг фаол тележурналист”, “Энг яхши телебошловчи”,  “Йилнинг энг креатив кўрсатуви”, “Йилнинг энг яхши радиоканали”, “Энг фаол радиожурналист”, “Йилнинг энг яхши  матбуот хизмати”, “Энг яхши интернет сайт”, “Энг фаол блогер”, “Энг ташаббускор ҳамкор ташкилот”, “Энг фаол ҳомий” ва бошқа қатор  номинациялар бўйича   муносиб номзодлар  тақдирланди. Экспертлар хулосасига  кўра, 80 дан зиёд ижодкор ва жамоалар танлов ғолиби ва совриндори,  деб  топилди.

Тадбир иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Набижон ЭРГАШЕВ “Жиззах ТВ” телеканали бош муҳаррири:

–Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат телерадиоканаллар  фаолиятида ниҳоясига етиб бораётган 2021 йил ғоят сермазмун ва сермаҳсул бўлди. Хусусан, ҳудудий телерадиостанциялар йил сайин такомиллашиб бораётир, улар эфирида ижтимоий аҳамиятга молик материаллар, жумладан, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларга бағишланган медиа контентлар  асосий ўрин тутаётир. Бунда эса ЎзЭОАВМА томонидан ўтказиб келинаётган турли  медиафестиваль ва  танловлар   муҳим аҳамият касб этмоқда.  ЎзЭОАВМА раҳбариятига ҳудудий телерадиоканаллар фаолиятини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ўз миннатдорлигимни билдираман.

Зафар СОЛИЖОНОВ, блогер:

–Кеча биз кабиларга бошқача қарашарди Бугун мукофотлаш билан бирга  раҳмат ҳам айтишмоқда. Сўз эркинлиги бўйича индексларимиз яхшиланди. Бир атрофга қаранг – одамлар эркин гапира бошлади. Фундаментал конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишмоқда. Тепадагилар эса эшитмоқда. Бу тенденция давомли бўлиши, кўтарилган асосли муаммолар ижобий ҳал этилавериши тарафдориман. Барча ташкилотчиларга ташаккур айтаман.

Бобур Расулов, блогер:

–Бугун блогерлар жамиятимизнинг, юртимиз медиасининг алоҳида  қатламига айланиб бормоқда, уларнинг хизмати эътироф этилмоқда.  Бу ҳам албатта мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларга яққол далил бўла олади. Бугунгидек  тадбирлар  блогерлар зиммасига катта ишонч ва масъулият юклайди.  “Янги Ўзбекстон. Янги нигоҳ” медиа дастури доирасида блогерлар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилиши ҳам уларга бўлган муносабат, эътироф ва эътиборни ўзида ифодалайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири:

–Очиғи, узоқ йиллик журналистик фаолиятим давомида биринчи марта катта саҳнага чиқиб, мукофот олдим, Аслида ҳақиқий  журналист рағбат, эътибор ёки эътироф учун ишламайди. Унинг асосий вазифаси жамиятдаги ўзгаришларни холисона ва ҳаққоний ёритиш, ютуқ ва камчиликларни бетараф нуқтаи назардан кўрсатиб беришдан иборат. Бироқ бугунгидек тадбирлар, эътирофлар ҳар қандай журналистни янада куч ва ғайрат билан, ўз касбига виждонан ёнданиб ишлашига туртки беради.

Тантанали   маросимда  “UZBEKISTAN MEDIA AWARD 2021” ижтимоий медиа маҳсулотлар танлови ғолиб ва совриндорларига диплом, статуэтка  ва қимматбаҳо совғалар  топширилди. Сўнгра бир пиёла чой устида  санъаткорларнинг  байрам  дастурлари  намойиш этилди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари
миллий ассоциацияси Ахборот хизмати.

ЎзА