Пойтахтимизда “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли” ва “Нафосат” миллий кўрик-танловларининг республика босқичида ғолиб бўлган фаол иштирокчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан Гендер тенгликни таъминлаш масалалари комиссияси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳар соҳада фаол, иқтидорли хотин-қизлар ҳамда республикамизда гендер тенгликни таъминлашда намуна бўлаётган вазирлик ва идораларнинг 40га яқин иштирокчилари танлов номинациялари бўйича қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломлар билан тантанали тақдирланди.

— “Йил аёли” миллий танлови жорий йилда Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ташкил этилди, — дейди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. — Танлов орқали мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оила ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзи фаолият кўрсатаётган тизим нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамоатчиликка яқиндан таништириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, профессионал салоҳияти, ишбилармонлик, рақобатбардошлик сифатлари ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсад қилинган. Бу йилги илк танловда 25 ёшдан 55 ёшгача бўлган, Ўзбекистон Республикасида ўз йўналиши бўйича камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари иштирок этди.

Илк маротаба ўтказилган “Йил аёли” кўрик-танлови 3 босқичда ташкил этилди. Ҳакамлар Низомга мувофиқ иштирокчиларни ўз фаолияти, тилларни ўзлаштириш даражаси, жамиятда тутган ўрни, фаоллиги, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги ва уларни амалиётда қўллай олиши ҳамда ташаббускорлиги каби мезонлар асосида баҳолади.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-сон Оториноларингология кафедраси мудири, Тиббиёт фанлари доктори, доцент Маҳзуна Насриддиновага, иккинчи ўрин Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Дилфуза Шароповага, учинчи ўрин Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, “Мевазор-Саодат” ишлаб чиқариш кооперативи бошлиғи Саодат Низомовага насиб қилди.

“Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолиблари ҳам тантанали тақдирланди.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил  22 апрелдаги қарорига мувофиқ юқори палатанинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган танловда йил якунлари бўйича гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, ушбу йўналишда жамият ривожи йўлида ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Танловнинг моҳияти ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш, фаолиятга гендер ёндашувларни жорий этиш, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб қилиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш, илғор тажрибаларни аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

Мазкур танлов натижаларига кўра, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган” — Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлат органи” —  Мудофаа вазирлиги, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” —  Самарқанд вилояти ҳокимлиги, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ташкилот” — Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ”  — “Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” — “Shovot tekstil” МЧЖ, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши радио дастур” — Қорақалпоғистон телерадиоканали Бош муҳаррири Гулназ Нурбекова, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт” — “Ўзсаноатқурилишбанки” сайти, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши ахборот портал” — Human.uz ахборот портали журналисти Наргиза Юнусова ғолиб деб топилди ва тақдирланди.

“Нафосат”. Ушбу танлов ўз номига монанд равишда турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг кийиниш услубини янада такомиллаштириш, улар ўртасида миллий ва замонавий, менталитетимизга мос либосларни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилиш мақсадида ташкил этилган. Танлов икки босқичда, 4 та асосий йўналиш бўйича ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасида дизайнерлик фаолияти билан камида бир йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган хотин-қизлар иштирок этди.

Миллий ва замонавий, менталитетимизга мос либосларни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилишда фаол қатнашган бир қатор иштирокчилар асосий ва қўшимча номинацияларда ғолиб деб топилди ҳамда тақдирланди.

Мазкур танловларнинг ҳар бири юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ва янада рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу каби эътибор ва эътироф хотин-қизларимизга янада мотивация бериб, янги ғоя ва ташаббуслар сари руҳлантириши шубҳсиз.

Муҳтарама Комилова, 
ЎзА