Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида ушбу туманда давлат рўйхатидан ўтказилган “OMEGA TREYD BIZNES” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари 2020 йил якуни бўйича давлат солиқ инспекциясига солиқ ҳисоботларини қасддан топширмасдан, жами 1418,9 миллион сўмлик солиқ тўловини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, мазкур масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 майдаги “Нақд пул маблағларини банкдан ташқари айланмасини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабини қўпол равишда бузган. Жумладан, назорат касса машинасидан фойдаланмасдан, 2020 йилда харид қилинган ликвидли товарлар савдосидан тушган 5136,3 миллион сўм нақд  пулларни  банкка топширмасдан, жуда кўп миқдорда савдо қоидаларини бузганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан “OMEGA TREYD BIZNES” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА