Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан 9 декабрь куни вазирлик раҳбарияти, хорижий давлатларнинг Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришнинг концептуал масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди, мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг замонавий йўналишлари, асосий устувор жиҳатлари муҳокама қилинди. Шунингдек, сўнгги йилларда ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ишлар якуни, натижаси таҳлил этилди.

Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2021 йил Ўзбекистон ва республиканинг халқаро муносабатлари учун ёрқин сиёсий воқеаларга, самарали дипломатик алоқаларга бой бўлганини қайд этди. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви бўлиб ўтди, асосий ташқи сиёсий ҳамкорлар билан икки ва кўп томонлама шаклларда мулоқот жадал ривожланди.

Янги йилда ҳам республикамиз ташқи сиёсати стратегиясининг асосий мақсади мамлакатимизнинг жадал ва барқарор сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, дунёвий ва демократик ривожланишини таъминлаш бўлиб қолади. Энг муҳим вазифа – аввало, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Вазир, шунингдек, Афғонистонга нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг умумий ёндашувини ишлаб чиқиш, бунда мавжуд вазиятни халқаро изоляция ва кенг кўламли инқирозга олиб бормаслик муҳимлигини таъкидлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ташқи сиёсати стратегиясининг асосий халқаро тенденцияларидан бири – минтақавий ҳамкорликни иқтисодий ўсиш, давлатлар модернизацияси ва барқарор ривожланиши омилига айлантириш, замонавий таҳдидларга жавоб беришга тайёрликни кучайтиришда ўз аксини топган.

Ўз навбатида хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистон эришган жиддий ютуқларни алоҳида эътироф этди.

Барча хорижий давлатлар билан шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, айниқса, савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш йўналишларида фаоллашаётгани айтиб ўтилди.

Хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари, Ўзбекистоннинг кўп томонлама тузилмалар доирасидаги салмоқли фаолияти, жумладан, республиканинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайлангани, БМТ Бош Ассамблеясида муҳим ташаббуслар илгари сурилгани, ШҲТ ва ИҲТга раислик, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик борасидаги фаолиятга урғу бердилар.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси ва умуман халқаро майдондаги фаоллиги, аҳамияти сезиларли даражада ошиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Ташқи ишлар вазирлиги

матбуот хизмати