БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биносида 7 декабрь куни мазкур халқаро ташкилотнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ни Аолайн хоним Ўзбекистон ҳукуматининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондан аёллар ва болаларни қайтариш ва уларни реинтеграциялаш иши бўйича амалга ошираётган чора-тадбирларини юксак баҳолади.

Хусусан, 2019 йил май ойидан бошлаб юзлаб жабрдийдаларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва реинтеграция қилишга қаратилган “Меҳр” операцияси доирасидаги саъй-ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга сазовор эканини алоҳида қайд этди.

– Ўн кунлик ташрифим давомида Ўзбекистоннинг, деярли, барча ҳудудини бориб кўрдим, тўртта қамоқхонада бўлдим, фуқаролик жамияти тузилмалари вакиллари билан учрашдим, жамоатчилик, оддий фуқаролар билан мулоқот қилдим, – деди инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис Фионнуала Ни Аолайн хоним.

– Оила бирлиги ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, бола манфаатини кўзлаш, сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий воситалар, ҳаракатлар орқали оловли ҳудуддан қайтган аёлларни самарали реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиётнинг намунасидир.

Сурия шимолий-шарқидаги лагерларда минглаб аёллар ва болалар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган. БМТ мутахассислари яшаш шароити ва муомала масаласида улар зўравонлик, инсон эксплуатацияси, таҳқир ва маҳрумликка дучор эканини айтишмоқда. Бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимоясиз қийноққа солиш ёки бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муносабатга дучор қилиш ёхуд жазога тортишга тенглашади.

Ни Аолайн Ўзбекистоннинг стигматизацияни бартараф этиш, асосий ҳуқуқ, жумладан, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқни таъминлашга қаратилган амалий чораларини юқори баҳолади. Ҳукуматимизнинг ЮНИСЕФ ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа ташкилотлари, хусусан, Олий комиссар идораси билан самарали ҳамкорлигига алоҳида урғу берди.

– Репатриация ва реинтеграциянинг ўзбек модели бошқа ҳукуматлар ўз фуқароларини оловли ҳудудлардан қайтариши учун йўл харитаси сифатида хизмат қилади, – дея таъкидларкан, Махсус маърузачи мамлакатимизда мазкур тадбир самарали, инсоний ва инсон ҳуқуқларига мос тарзда амалга оширилганини эътироф этди. БМТ мутахассиси бошқа ҳукуматларни Ўзбекистондан ўрнак олишга чақирди.

Учрашув сўнгида Фионнуала Ни Аолайн журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири