Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони давлат божхона хизмати органлари тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Фармонга биноан товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида 2018 йилнинг 1 декабрдан “сариқ” ва “қизил”, 2019 йилнинг 1 мартидан эса “яшил” ва “кўк” йўлакларни қўллашни назарда тутувчи “Хавфни бошқариш тизими” амалиётга тўлиқ татбиқ этилди. Натижада, “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати юқоридаги 4 та йўлакдан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилмоқда.

“Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими давлат экспертизасидан муваффақиятли ўтган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси – муаллифлик ҳуқуқи эгаси сифатида электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги Интеллектуал мулк агентлигининг гувоҳномасини олган.

Ушбу жараёнлар билан журналист, блогер ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бевосита таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари божхона пости фаолияти жараёни яъни, товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга ошириладиган божхона операциялари билан яқиндан танишди.

Мазкур пост ходимлари томонидан 2021 йилнинг 11 ойи давомида
4817 та божхона юк декларацияси, ўтган йилнинг мос даврида 4465 та расмийлаштирилган. Йўлаклар кесимида таҳлил қилинганда, 1202 таси (24,95%) “яшил”, 2716 таси (56,38%) “сариқ” ва 899 таси (18,66%) “қизил” йўлакларга йўналтирилган.

– Пресс-турдан кўзланган асосий мақсад, сўнгги йилларда божхона идораларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, ўзгаришлар натижасида ТИФ қатнашчиларига яратилаётган имкониятлар, қулайликлар билан журналист, блогер ва оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништиришдан иборат, – деди бошқарма ходими Н.Розибаев. – Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда тизимга жорий этилган “рақамли божхона”нинг шаклланиши энг аввало товар транспорт воситаларига нисбатан божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнларида инсон омилининг кескин қисқариши ва бу орқали коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга хизмат қилади. Жумладан 2021 йил бошидан ҳозирги кунга қадар коррупцияга қарши курашиш йўналишида шахсий таркиб, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ходимларнинг ота-она ва яқинлари билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, бошқармада ўтказилаётган текширувлар бугун ўзининг ижобий самарасини бериб, тизим ходимлари ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда ҳалол ва виждонан бажарилишига эришилмоқда.

Ушбу постда хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида 104 миллиард сўм (бошқарманинг 34%) миқдорида божхона тўлови ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилди. Шу билан бир қаторда ҳисобот даврида 53 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқланиб, жами 101 миллион сўмлик товар моддий бойлик давлат фойдасига ўтказилди. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 9 миллиард 869 миллион сўмлик қўшимча божхона тўлови ҳисобланиб, давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА