Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифи жаҳон матбуотида
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи тафсилотлари дунё ОАВда кенг ёритилмоқда.
Икки мамлакат раҳбари учрашувининг турли жиҳатлари сиёсатчилар, экспертлар томонидан қизғин муҳокама этиляпти.
Масалан, Американинг энг нуфузли нашрларидан бири – “Forbes” журналида “Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзолади” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.
Мақолада Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари икки томонлама стратегик шерикликнинг кенг кўламли масалаларини, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-транзит, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилгани таъкидланган.
– Минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, кўп томонлама тузилмалар орқали ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни самимий қутлар экан, ушбу давлат ташрифи Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришини қайд этди, – дейилади мақолада.
Шунингдек, журнал саҳифасида иттифоқчилик тўғрисидаги декларация имзоланиши ҳақиқатан ҳам икки давлат муносабатининг янги босқичини белгилаб бериши, имзоланган ҳужжатлар тўплами мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлаши, бундан ташқари, ҳукуматларга яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларгача етказиш бўйича фаол чоралар кўриш бўйича кўрсатма беришга келишиб олинганига урғу берилган.