Никола Тесла, Томас Эдисон, Альберт Эйнштейн, Фред Хойл, Бенжамин Франклин, Эдвин Хобби, Лайнус Полинг, Чарльз Дарвин, Исаак Ньютон. Бу олимлар тарихга фақат илм-фан соҳасидаги оламшумул ишлари билан кирмаган экан.

Никола Тесланинг «илк парвози» 
Никола Тесла

1856-1943 йилларда яшаган олим асосан АҚШ ва Францияда илмий тадқиқотлар олиб борган. Физик ва инженернинг электротехника ва радиотехника соҳасидаги ихтиролари ўз вақтида илм-фанни ўнлаб йилларга олға силжитиб юборган. Аммо у болалигидаги бир қилмиши учун бу дунё билан хайрлашишига сал қолган экан.

Кунларнинг бирида ёш Тесла чуқур-чуқур нафас олиб, ўпкани кислород билан тўлдириш мумкинлигига ақли етиб қолади. Шундай қилсам, вазним енгиллашиб қушдек уча оламан деган хаёлга боради. Омборхонанинг томига чиқиб, боши айланиб кетгунича ўпкасини ҳавога тўлдириб, очиқ соябон билан пастга сакрайди. Бироздан сўнг онаси уни беҳуш ҳолатда топиб, қилмиши учун бир ҳафталик уй қамоғи билан жазолайди.

Бинокорликда «қовун туширган» Томас Эдисон

АҚШлик ихтирочи ва тадбиркор Томас Эдисон 1847-1931 йилларда яшаган. У ватанида ихтиролари учун 1093 та, бошқа мамлакатларда уч мингга яқин патент олган. Фонографни яратган. Телеграф, телефон, кинога олиш ускуналарини такомилига етказган. Электр чўғланмали лампаларнинг илк тижорий нусхалари ҳам унинг ихтиросидир.

Томас ЭдисонИхтирочи бинокорликка ҳам жуда қизиққан экан. Айниқса цемент қоришмасидан тайёрланувчи «бетон»га мухлис бўлган. Унинг фикрича уй-жойлар пойдеворидан тортиб томигача бетондан бунёд этилса, ҳаражат нисбатан кам бўлади. Амалда унинг таклифи ўзини оқламади. Ахир ҳамманинг диди ҳар хил, айниқса уй шакли борасида. Бетон қуйиш учун уйнинг ҳар бир деталига мослаб қолип ясаш жуда қимматга тушиб кетади.

Томас Эдисоннинг «бетон» технологияси асосида 11 та уй-жой қурилган экан. Лекин, улардан биронтаси ҳам ўз харидорини топмаган.

Бенжамин Франклиннинг антиқа куркаси

Бенджамин Франклин1709-1790 йилларда АҚШда яшаган сиёсатчи, журналист, ёзувчи ва ихтирочи Бенжамин Франклин илм-фаннинг физика ва география соҳаларида изланиш олиб борган.

У ўз тажрибаларига асосланиб, электр токидан ошхонада ҳам фойдаланиш мумкин, деган фикрга келади. Масалан бирон таомга аталган курканинг жонини олишда. Топган усулини таниш-билишларига кўрсатиш учун ўз уйида базм уюштиради. Ошхонада меҳмонлар кўз-ўнгида «янгича йўл» билан паррандаларни бирин-кетин у дунёга равона қилаверади. Ногоҳ электр токи ўзига урилиб, ҳушдан кетади. Меҳмонларнинг ўтакасини ёриб, бир муддатгача кўзини очмайди…

Давоми бор… 

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА