“Хитойнинг космик технологиялар билан боғлиқ ишлаб чиқариш ва тадқиқотлар соҳасига сармоя киритилишининг кенгаяётгани АҚШ томонидан жавобсиз қолмаслиги керак”.
Бундай фикр АҚШ Вакиллар палатасининг Қуролли Кучлар Қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилган, дейилади Space News хабарида. Бу ҳақда Риа хабар бермоқда.
АҚШ Конгресси аъзоси Дуг Ламборн қайд этишича, Хитойда охирги икки йил давомида 40 та космик кемалар ишлаб чиқарилган. Бу эса ушбу мамлакатда сунъий йўлдош саноати “таҳдидли суръатларда” ўсиб бораётганини англатади.
Шунингдек, Осиё тадқиқотлари маркази эксперти Дин Ченг, Пекинда арзон сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш юқори мавқега эга эканини таъкидлаган.
“Нигерия, Боливия ва Венесуэла каби мамлакатлар бошқа ишлаб чиқарувчилар таклиф қила олмайдиган нархлардаги Хитой маҳсулотларини харид қилишлари мумкин. Бу, ўз навбатида, жаҳон сунъий йўлдош алоқалари бозоридаги АҚШнинг “Boeing” компанияси мавқеига таҳдид солади”, дейди таҳлилчи.
Ченгнинг қўшимча қилишича, Хитой илгарилари қонун доирасида ва қонунни четлаб ўтган ҳолда ушбу соҳадаги технологияларни харид қилишни бошлаган эди. Ҳозирги кунга келиб Пекин бундай технологияларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга муваффақ бўлган. Бу Хитой учун нафақат ўз рақобатчиларига етиб олиш, балки рақобат майдонида ўз сўзини айтиш имконини берди.
Аввал хабар берилганидек, Хитой 2020 йилгача 35 та “Beidou-3” сунъий йўлдошидан иборат глобал навигация тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу Хитойни ўз сунъий йўлдошига эга давлатлар ичида АҚШ ва Россиядан кейинги учинчи ўринга чиқишига имкон беради.
Маълумот ўрнида, Хитойда 2018 йилда ўндан зиёд “Beidou-3” навигация тизимли сунъий йўлдошини ишга тушириш белгиланган.