Ҳамширалар саратон хавфига кўпроқ дуч келмоқда

Хитойнинг Сичуан университети тадқиқотчилари дунё олимларининг Шимолий Америка, Европа, Австралия, Осиёдаги қарийб 4 миллион одамни қамраб қолган 61 тадқиқоти маълумотларини ўрганиб, шундай хулосага келишган. Бу ҳақда Буюк Британиянинг “The Daily Mirror” нашри хабар тарқатди
Бу ҳудудларда тунда меҳнат қилувчи аёллар кўкрак бези саратони билан 58 фоизга кўпроқ оғриган. Ҳамшираларда эса ўпка саратони ҳолати чорак фоизга кўпроқ қайд қилинган.
Тунда йўл-транспорт ҳодисалари кўпроқ учрайди. Ҳатто шифокорлар ҳам бу вақтда кўпроқ хато қилар экан. Чунки инсон бу вақтда ухлашга мослашган бўлиб, табиий ҳаёт ритмининг мунтазам бузишилиши эса организмда нафақат гормонал тартибсизликларга, балки иммунитетнинг заифлашуви, камқонликка олиб келади. Бу ҳолат саратон ҳужайраларинг кўпайишига муҳит яратади.
Касби тақазоси билан тунда меҳнат фаолияти олиб боришга мажбур инсонлар саратонга чалинмаслик учун нима қилишлари лозим? Тадқиқотчилар фикрича, ҳар бир тунги навбатчилик билан иккинчиси орасида кўпроқ вақт бўлиши лозим. Иккинчидан эса бундай инсонлар тиббий текширувдан тез-тез ўтиб туришлари керак. Ўз вақтида аниқланган ҳар қандай касалликни тезда даволаш мумкин.
Маълумот учун: айнан тунги вақтда ишлаш қандли диабет касаллигига ҳам олиб келиши мумкин. Гарвард университетида олиб борилган бир тадқиқотда 20 нафар иштирокчи кундузи ухлаб, кечаси иш билан банд бўлган. Натижада улар организмида инсулин ва лептин моддаси мувозанати бузилиб, қандли диабет касаллигининг дастлабки босқичи кузатилган.

 

ЎзА