Германиядаги консерватив блок – Христиан демократик иттифоқи (Христиан ижтимоий иттифоқи) ва Социал демократик партия ўртасида мамлакатда ҳукуматни тузиш бўйича коалицияни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Германия Социал демократик партияси етакчиси Мартин Шульцнинг душанба куни Берлиндаги баёнотига кўра, дастлабки музокаралар конструктив руҳда ўтган. Бу ҳақда ТАСС хабар тарқатди.
“Кечаги кун ажойиб тарзда ўтди”, деди Шульц. “Бугунги музокаралар ҳам ўшандай тарзда давом этишига умид қиламиз”. Унинг қайд этишича, томонлар Европадаги сиёсий жараёнларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.
“Биз ушбу музокаралар орқали Германияни Европани ҳаракатга келтирувчи давлат сифатида кўриш имконини берадиган натижаларга эришамиз деган умиддаман”, дея ўз сўзларини давом эттирган Германия Социал демократик партияси етакчиси.
Социал демократлар ва консерваторлар ўртасидаги дастлабки музокаралар якшанба куни бошланган эди. Белгиланган режага мувофиқ томонлар беш кун давомида муҳим масалаларни ўзаро муҳокама қилишади. 12 январь куни томонлар ҳар икки партиянинг раҳбар органларига тақдим этиладиган якуний баёнотни қабул қилиши кутилмоқда.
Германияда Парламент сайловлари 2017 йил 24 сентябрда бўлиб ўтган. Ўшанда Христиан демократик иттифоқи 32,9 фоиз овоз тўплаб пешқадамликни қўлга киритган эди. Социал демократик партия ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этиб, умумий овоз берувчиларнинг 20 фоиз овозига эга бўлганди.
Маълумот ўрнида, сайлов ўтганига қарамасдан ҳозирга қадар Германияда янги ҳукумат шакллантиришнинг имкони бўлмаяпти. Бунга консерваторларнинг дастлаб “яшиллар” ва “либераллар” билан ҳукуматни шакллантириш мақсадида коалиция тузиш борасида олиб борган самарасиз музокаралари сабаб бўлди. Шундан сўнг ҳукмрон партия Социал демократик партия билан ҳамфикрликда бу натижага эришишга умид қилмоқда.
ЎзА