Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида “Олтин глобус” (Golden Globe Award) мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Танловда англиялик режиссёр Мартин Макдонахнинг “Эббинг чегарасидаги уч билборд, Миссури” (Three Billboards Outside Ebbing, Missouri) фильми ғолиб бўлган. Euronewsнинг хабар беришича, картина энг яхши драматик фильм, унда бош ролни ижро этган Фрэнсис Макдорманд энг яхши актриса деб топилган. Кинода қизи қотиллик қурбони бўлган онанинг уқувсиз полиция ҳодимларига қарши кураши акс эттирилган.
“Сувнинг шакли” (The Shape of Water) фильми ижодкори Гильермо дел Торо энг яхши режиссёр номинациясини қўлга киритган.
Бу фильмлар тез орада мамлакатимиз киномухлисларига ҳам тақдим этилади.