Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг ўқув йилига белгиланган тайёргарлик режасига асосан “Нукус” умумқўшин полигонида ҳарбий округнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан бир неча кунлик авиациянинг интенсив учиш ҳудудида дала чиқиши амалга оширилди.

Машғулотлар давомида бўлинмаларнинг жипслиги, жанговар тайёргарлиги ҳамда ҳар қандай вазиятда юклатилган вазифаларни бажариш имконияти назоратдан ўтказилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий қисмдан колонна бўлиб техникаларда ҳаракат қилган мутахассислар полигон ҳудудига етиб келди. Шундан кейин, қоидага кўра, саф кўриги, машғулот раҳбарлари ва шахсий таркибнинг тайёргарлиги округ ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлими офицерлари томонидан кўриб чиқилди. Амалий машғулотларда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича йўриқнома етказилди.

Сарғиш либос кийган полигон ҳудудининг бепоён кенгликлари узра ердаги зирҳли ва ҳаводаги учар техникалар макетларини эслатиб турувчи нишонлар 1-1,2 км узоқликда ҳужумга ўтувчи шартли душман кучига қарши зенитчилар бўлинмаси томонидан бирин-кетин зарбалар берилди.

Берилган топшириқдан сўнг зенит ҳисоби томонидан қурилмалар ўқланиб, жангга тайёр ҳолатга келтирилди. Нишонгача бўлган масофалар, шамол тезлиги ва бошқа факторлар қурилма командири ва нишонга олувчи томонидан инобатга олиниб, қурилмага киритилди.

Қисқа ва узун навбатлар билан отилган зирҳтешар, ёндирувчи ва осколка-фугасли снарядлар нишонларни талафотга учрата бошлади.

Амалий машғулотлар давомида бир нечта қурилма ҳисоби ўқув-жанговар вазифани сифатли бажаришга эришди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ҳам бу машғулотларда фаол қатнашиб, соҳа бўйича зарур кўникмаларга эга эканликларини намойиш этди.

Кейинги ўқув жойида кўчма зенит ракета комплексини ишга тушириш ва нишонларни яксон этиш белгиланган. Машғулот дала тренажёрида реал вазиятга яқинлаштирилган тарзда олиб борилди. Бунда зенитчилар ҳаво нишонларини аниқлаш ва йўқ қилишни машқ қилди.

Дала чиқиши доирасида бўлинмалар ҳаво ҳужумидан мудофаа мутахассисларининг тўсиқли йўлагидан ўтиш бўйича машқларни олиб борди.

Албатта, ушбу дала чиқиши ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ўртасида “Мен ғолиб!” шиори остида Мудофаа вазирлиги миқёсида анъанага айланган “Ўз касбининг энг илғор устаси” танловининг финал босқичига тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди.

 

ЎзА