Хитой шарқий қирғоғида 6 январь куни Гонгконгнинг «CF CRYSTAL» кемаси ва Панама байроғи остидаги “SANCHI” нефть танкери тўқнашиб кетган. ХХР Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, танкернинг 32 нафар экипаж аъзоси бедарак йўқолган. Бу ҳақда “Синхуа” ахборот агентлигига асосланиб ТАСС хабар бермоқда.
Воқеа Янцзи дарёси шарқий Хитой денгизига қуйилишидан 160 денгиз мили узоқликда рўй берган. Тўқнашув натижасида 136 минг тонна газ конденсати ташиб кетаётган танкер ёниб кетган. Экипаж аъзоларидан 30 нафари эронлик, икки нафари бангладешлик экани айтилмоқда.
Гонгконгнинг 64 минг тонна ғалла ташиб кетаётган юк кемасида 21 киши бўлган, уларнинг ҳаммаси қутқарилган.
Йўқолган одамларни қидириш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этиш операциясига Хитой ва Жанубий Корея соҳил қутқарув кемалари, шунингдек, махсус самолёт жалб этилган.
Хабар қилинишича, воқеа юз берган жойга ёнилғи тўкилган. Махсус кемалар ёқилғи доғларини йиғиб олиш бўйича иш олиб бормоқда.