Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференцияда Қирғизистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровни қабул қилди.
Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ақилбек Жапаров Ўзбекистон етакчисига Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Жорий йил март ойида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммитида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги устувор кооперация лойиҳаларини тез фурсатда амалга ошириш, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини ташкил этиш муҳим экани таъкидланди.