2018 йилда Қозоғистонда мамлакат ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун халқаро танлов ўтказилади.
Атом электр станциясини қуриш бўйича “Казатомпром” ҳузурида махсус компания ташкил этилган, аммо уни қуриш ҳақидаги якуний қарор фақат танловдан сўнг амалга оширилади. Бу ҳақда “24 Хабар” телеканали Қозоғистон Миллий ядровий марказига асосланиб хабар берди.
АЭС қурилиши учун тахмин қилинган жой Курчатов шаҳри ҳисобланади.“Курчатов шаҳрини танлаш ҳақидаги фикримни айтадиган бўлсам, албатта бу атом электр станциясини қуриш учун идеал жой. Бироқ, энергия мувозанати нуқтаи назаридан бу унчалик мос эмас. Чунки бу ерда кўмир бор ва у энергетик жиҳатдан катта қувватдир”, дейди Қозоғистон Миллий ядровий маркази бош директори Эрлан Ботирбеков.
Унинг сўзларига кўра, геолокация ва энергия манбалари эҳтиёжи нуқтаи назаридан АЭС қурилиши учун энг муносиб жой Балхаш шаҳридир.
ЎзА