Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Сенат аъзолари, Ҳукумат мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “UzReport” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Дастлаб сенаторлар “Расмий статистика тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун мамлакат миллий статистика тизими ҳуқуқий асосини яратиб бермоқда.
Амалдаги статистика тизимида очиқ маълумотлар ошкоралиги ва сифат даражасининг пастлиги, маълумотларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш механизмининг халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги, шунингдек, мавжуд “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонун фақатгина давлат статистика органлари фаолиятини тартибга солиб, статистик маълумотларни ишлаб чиқиш бўйича бошқа вазирлик ва идораларнинг фаолиятини қамраб олмагани каби муаммолар мавжуд.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш, белгиланадиган қамров ва сифат талаблари кенглиги ва тўлиқлигини ифодалаш мақсадида қонун билан “давлат статистикаси” ёки “миллий статистика” атамаси ўрнига “расмий статистика” атамаси жорий қилинмоқда.
Давлат статистикаси статистика органлари томонидан шакллантириладиган статистик маълумотларни назарда тутган бўлса, расмий статистика барча тайёрловчилар томонидан тайёрланган ва тарқатиладиган статистик маълумотларни қамраб олади.
Натижада миллий статистика тизимига кирувчи барча субъектларнинг фаолиятига ҳуқуқий асос ва расмий статистиканинг халқаро даражада тан олинишига институтционал база яратилмоқда.
Шунингдек, миллий статистика тизими, расмий статистикани тайёрловчилар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар, респондент ва фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабати қоидалари ҳам назарда тутилган.
Расмий статистиканинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган.
Умуман жорий этилаётган ўзгаришлар статистика ҳисоботини ишончли юритиш, ахборотдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, мамлакат нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш ҳамда бошқарувда очиқликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссиялари аъзолари, экспертлар, мутахассислар иштирокида мазкур қонун ўрганилиб, дастлабки тарзда кўриб чиқилган.
Қонуннинг мақсади виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.
Ушбу қонун ўтган давр мобайнида фуқароларнинг диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний таълим олиш ва диний ташкилотларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро низолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур қонун билан мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турли диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлашнинг имкони яратилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, давлатда кучли суд ҳокимиятининг мавжудлиги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ равишда таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятини ва демократияни барқарор ривожлантириш гаровидир. Бу эса мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётни ва инвестицияларни жалб этиш нуқтаи назаридан жозибадорлигини таъминлашдаги муҳим омилдир.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги амалдаги қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у замон талабларига жавоб бермайди.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилмоқда, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилмоқда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилмоқда ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 11-бандида белгиланган вазифаларининг бажарилишига хизмат қилади.
Сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Яъни, давлатимиз барча миллатлар тили ва маданияти ривожланишига етарлича шароит яратган.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Сенат Кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, Президент Фармони билан 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди. Бу байрам ҳақидаги норма янги қонунда ҳам ўз ифодасини топган.
Шунингдек, қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ушбу қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмокда.
Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Унда қонуннинг мақсади ва қўлланиш соҳаси, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили, Ўзбекистон Республикасида бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, давлат тилини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш бўйича ваколатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари, давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар мавжуд.
Мазкур қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.
Қонун қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси қонуни даражасида белгиланиши барча соҳаларда ўзбек тилининг адабий тил меъёрлари асосида ифода этилишига хизмат қилади. Ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказилишини таъминлайди.
Сенаторлар давлатимиз раҳбарининг ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим, деган фикрларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинган қарорлар, тасдиқланган дастурлардаги устувор вазифалар ижроси қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб этмоқда.
Шу мақсадда қонун билан макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш, шунингдек, аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби мақсадларда олиб борилаётган ислоҳотларни фаол давом эттиришнинг молиявий асослари барқарорлиги белгиланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Давлат бюджети харажатларининг 13,1 трлн сўмга оширилиши назарда тутилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги 6155-сонли Фармонига биноан:
– туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун 410 млрд сўм;
– эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлашга 350 млрд сўм;
– эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 124,2 млрд сўм;
– “Эл-юрт умиди” жамғармасига нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга (82 тадан 350 тага) ошириш учун 80 млрд сўм;
– 2021/2022 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизларига грантларни 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш учун 64,4 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш тадбирларини давом эттириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори (2021 йил 27 мартдаги 5041-сон) ижросини таъминлашда:
– оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун ваколатли банклар устав капиталини 1,3 трлн сўмга ошириш;
– оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга қўшимча 1,5 трлн сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, қонун билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари учун 6,4 трлн сўм (13,4 дан 19,8 трлн сўмга) йўналтирилмоқда.
Ушбу маблағлардан:
а) республика бюджетига ички йўл ва ичимлик суви таъминоти (3,2 трлн сўм) ва оилавий тадбиркорлик (1,5 трлн сўм) дастурлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларини (1,1 трлн сўм) барпо этиш учун 5,8 трлн сўм;
б) оилавий тадбиркорлик дастури доирасида лимончилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Турон банк”нинг устав капиталини ошириш учун 100 млрд сўм;
в) чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун кредит линияларини молиялаштиришга 550 млрд сўм ажратиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Туризм ва спорт вазирлигининг ташкил топиши ҳамда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиши ҳам амалдаги қонунга тегишли ўзгартишлар киритишни талаб этган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, қонуннинг мақсади жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи томонидан Ўзбекистон миллий тизимини баҳолашнинг иккинчи босқичини муваффақиятли ўтказишга тайёргарлик доирасида ФАТФ тавсияларини қонунчиликка имплементация қилишдан иборат.
Қонун билан амалдаги 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Биринчидан, “Банк сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали жиноий йўл билан олинган мол-мулкни аниқлаш, хатлаш ва мусодара қилишни таъминлаш мақсадида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни прокурор санкциясига асосан прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув органларига тақдим этиш тартиби белгиланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу борада қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги сабабли жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи эксперт баҳоловчилари томонидан миллий қонунчилик ФАТФнинг 40 та тавсиясидан 6 тасига қисман мувофиқлиги ҳақида бирламчи баҳо берилган. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан БМТнинг конвенциялари талаблари тўлиқ ижро этилмаётганлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, “Банк сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали терговга қадар текширув материаллари ва жиноят иши доирасида Марказий банкнинг маълумотлар базасидан ҳисобварақлар ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган режимда олиш тартиби назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни алмашиш тартиби белгиланмоқда.
Иккинчидан, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали 6 та тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан прокурор санкцияси билан банк сирини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.
Жумладан, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокурорнинг санкцияси билан қуйидагиларга тақдим этилиши белгиланмоқда:
биринчидан, прокуратура, дастлабки тергов ва суриштирув органларига – уларнинг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш, етказилган зарарни ундиришни ёки мол-мулкни хатлашни таъминлаш мақсадида терговчининг ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига кўра;
иккинчидан, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга – уларнинг иш юритувидаги тезкор-қидирув ишлари бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор асосида.
Қонуннинг қабул қилиниши:
– БМТ конвенциялари талаблари ҳамда ФАТФ тавсиялари миллий қонунчиликка имплементация қилинишига;
– Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи томонидан Ўзбекистоннинг миллий тизимини баҳолашнинг иккинчи босқичи муваффақиятли ўтишини таъминлашга;
– Республиканинг инвестицион жозибадорлиги ошишига ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишига хизмат қилади.
Сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.
Шундан кейин “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, БМТнинг коррупцияга, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга, трансмиллий уюшган жиноятчиликка ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги Конвенциялари талаблари ижросини таъминлаш, жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотларининг (ФАТФ стандартлари, Евроосиё гуруҳи ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилишда ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қонун билан 3 та кодекс ва 8 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Жиноят ва Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, шунингдек, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш киритилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан қонунни ишлаб чиқишда миллий қонун ҳужжатлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси ва юрист-олимлар фикрлари ўрганилмаган ва таҳлил қилинмаганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ҳамда қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига махсус мусодара қилиш чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши билдирилди.
Шу боис қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати