2021 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев мамлакатимизга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг катта маслаҳатчиси, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси раҳбари Алексей Громов билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида ЕХҲТ/ДИИҲБ делегациясига республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, қонун устуворлиги, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, гендер тенглигини илгари суриш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда умум эътироф этилган халқаро мезонлар асосида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг конституцион ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сайловда иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш, жойларга чиқиб муддатдан олдин овоз бериш амалиётини жорий қилиш ва бошқа амалий тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
ЕХҲТ/ДИИҲБ делегацияси ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Олий суди, Марказий сайлов комиссияси, вазирлик ва идораларида ҳам бўлишади. Шунингдек, сиёсий партиялар раҳбарлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.
ЎзА