Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда вазирлар, ҳокимлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасида жуда катта ислоҳотлар қилинаётгани, бироқ натижасини халқимиз ҳали сезмаётганини таъкидлади.

Рамазон ҳайити кунлари Президент Республика ихтисослаштирилган гематология ва онкология илмий-амалий тиббиёт марказларига ташриф буюриб, беморлар ҳолидан хабар олган, мазкур икки йўналишда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Мазкур ташриф соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар тўпланиб қолганини яна бир бор кўрсатди. Шу боис онкология марказида бўлиб ўтган видеоселекторда мутасаддиларга барча зарур топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари энди ҳокимлар пойтахтдан кўрсатма кутмай ёки ускуна қачон бериларкин деб ўтирмай, тиббиётга шахсан ўзи масъул бўлишини таъкидлади.

– Мен ҳозир Жаҳон банки вакили билан учрашдим. Улар ҳам бизга катта кўмак бермоқчи. Бир нарсани билинглар: энди ҳокимлар ҳам тиббиётни мукаммал билиши керак. Яна такрорлайман, ислоҳотларнинг дастлабки кунларидан бошлаб тиббиёт ва тинчлик бўйича жуда катта саъй-ҳаракатлар қилаяпмиз. Лекин шунга қарамай, халқимиз тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларимиздан норози. Энди вилоят ҳокимлари ва ҳар битта тиббиёт муассасаси раҳбари халқимиз олдида ҳисобот берадиган тизим яратамиз. Агар тиббиётдаги ислоҳотларимизни амалга оширсак, одамлар рози бўлади, орзу-умидлари рўёбга чиқиб, саломатлигини мустаҳкамлайди, – деди Президент.

 

ЎзА