Миллий матбуот марказида 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди. Унда анъанага кўра, ўтган ҳафтадаги тадбирлар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Давлат раҳбаримизнинг кун тартибида нафақат расмий, балки олижаноб инсоний фазилатларни ифода этувчи тадбирлар доимо юқори ўринда туради. Шу жиҳатдан олганда, ўтган ҳафтанинг энг эсда қоларли воқеаси – бу Президентимизнинг Рамазон ҳайитининг иккинчи куни Тошкент шаҳридаги гематология ва онкология марказларига ташрифи бўлди.
Брифингда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мазкур марказлар ҳамда Учтепа туманидаги Тепақўрғон маҳалласига ташриф, онкология хизматини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши якунлари ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, ўтган ҳафта Президент томонидан қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Рамазон ҳайити арафасида, 12 май куни Президентнинг тегишли фармони билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв этилгани Ўзбекистонда инсонпарварлик тамойилига асосланган сиёсат юритилаётганининг яна бир ифодаси бўлгани таъкидланди.
Брифингда бу ҳафтада кутилаётган тадбирлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Хусусан, жорий ҳафта Президент иштирокида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология тизимини такомиллаштириш юзасидан тақдимот, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор, кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Жаҳон банки президентининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Анна Бьердени қабул қилади. Шунингдек, Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.
Шерзод Асадов брифинг ўтказилаётган дақиқаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилаётганини маълум қилди.
Тадбир якунида журналистларнинг саволларига жавоб қайтирилди.
ЎзА