Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида хотира тадбирлари ташкиллаштирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани «Боғёп» канали бўйидаги «Ёдгорлик хиёбони»да ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди.

Меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирокида бўлган тадбир давомида истеъдодли рассом, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдулла Ражабовнинг «Бир картина» номли кўргазмаси очилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ражаб Султонов хотирасига бағишланган кўргазмада рассомнинг бир дона асари томошабинлар диққатига ҳавола этилди. Қўлида набирасини ушлаб олган кўкси медалларга тўла инсон сиймоси Абдулла Ражабовнинг отаси Султон Ражабов бўлади.

Асарда мусаффо осмон, юзида табассум балққан бобо ва набира ҳамда хотираларни эслатувчи армия ҳаётидан олинган фотолавҳалар қаршингизда гавдаланади.

Рассом ўз асари ҳақида шундай дейди: – Отам хотирасини абадийлаштириш мақсадида шу картинани яратдим. Ҳали тугалланмаган. Отам 1923 йили Тўрткўлда туғилган. 1942 йили урушга кетиб, фронтда оғир ярадор бўлади. Кавров шаҳрида узоқ вақт даволангач, яна урушга отланади.

Эстонияда бўлиб ўтган жангларда миномётчи вазифасида иштирок этиб, душманларга қарши жанг олиб боради. Ғалабадан сўнг икки йил давомида армия сафларида хизмат қилади. Она Ватанга қайтгач «Нон маҳсулотлари» ишлаб чиқариш цехида дастлаб оддий ишчи сўнг раҳбарлик лавозимида ишлади.

2008 йилнинг декабрь ойида 86 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Картинамда отамнинг энг гуллаган дамлари уруш ўчоғида ўтгани ва отам каби инсонлар туфайли бугун, ҳур ва тинч-осойишта юртда яшаётганимизни санъат ихлосмандларига бўёқлар орқали ифода этдим.

Абдулла Ражабов бугун юртимизнинг таниқли рассомларидан, у шу орқали қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини ва албатта, отасига бўлган чексиз ҳурматини исботлаб берди.

 

Шоҳиста Абдураҳманова, санъатшунос