Сайлов – давлат ва жамият ҳаётида муҳим сиёсий воқеа. Давлатни ривожлантириш, халқ фаровонлигини муттасил юксалтиришнинг муҳим восита ва имкониятларидан биридир.

Гап ана шу улкан имкониятдан самарали фойдаланишда. Бу эса, аввало, сайлов ташкилотчиларининг билим ва кўникмасининг нечоғлик юксаклиги, уларнинг дилидаги халқ ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ.

Жорий йил 27 апрелда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Ўша куни яна бир ҳужжат – Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида мазкур Концепцияни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Келишув ҳам имзоланди.

Мазкур келишув жорий йил мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайлови ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг ижтимоий-сиёсий соҳага оид билими ва амалий кўникмаларини янада ошириш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларда дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида кўп томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчилари малакасини оширувчи республика тренерлари учун 6 майгача давом этадиган семинар-тренинглар бошланди.

Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқишда учта муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Биринчидан, 2019 йилда бўлиб ўтган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларига тайёргарлик кўриш жараёнида каскад усулида ташкил этилган семинар-тренинглар даврида орттирилган ижобий тажриба ҳамда йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ушбу тажрибадан энг мақбул, ижобий амалиётга таянилди.

Иккинчидан, ўтган сайловларни кузатган халқаро кузатувчилар, хорижий ташкилотлар миссиялари, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг якуний хулосаларида билдирган эътирозлари, таклиф ва тавсиялари чуқур таҳлил қилинди ҳамда сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни танлаб олиш, уларнинг сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва кўникмаларини янада юксалтиришда эътибор қаратиш керак бўлган масалалар юзасидан билдирган таклифлари инобатга олинди.

Учинчидан, 2019 йилда ўтказилган семинар-тренингларни ўтказишда фаол иштирок этган Республика тренерлари, мазкур семинар-тренингларни ташкил этишда иштирок этган мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари ва бошқа вазирлик, идораларда фаолият олиб бораётган сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича маҳаллий олимлар, экспертларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинди.

– Сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тайёрлаш ва малакасини оширишга бу йил бутунлай янгича ёндашилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев. – Бу ёндашувнинг ўзига хосликларидан бири шундаки, ушбу жараёнда сайлов ташкилотчиларининг нафақат малакаси оширилади, балки машғулотлар барча босқичларининг қатъий мониторинги ҳам юритилади.

Семинар-тренинг Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-методик материаллар асосида олиб борилмоқда.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА