Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги Олот туманида катта гидротехник иншоот қурилиб фойдаланишга топширилди. Бир маҳал: «Мулло Ирисмат бу тадбирни «Время»га бермай қўяқолинг, хўпми?», – деди Шароф ака менга қараб.
Шароф ака Бутуниттифоқ Телерадиоқўмитасининг Ўзбекистондаги мухбирига нега шундай деб айтганини журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг ЎзА сайтида бугун берилаётган “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асаридаги лавҳадан билиб олишингиз мумкин.
Мазкур асар ва лавҳа ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни электрон почтамизга ёзиб юборсангиз ёки қўнғироқ қилиб муносабатингизни билдирсангиз беҳад миннатдор бўлар эдик.
Шароф аканинг мулойим, майин табиатида ташқаридан у кишида кўзга ташланмайдиган катта бир ички қудрат, жасорат, куч бор эди. У киши ишларни ортиқча шов-шув, дабдабасиз, камтарлик, юмшоқлик билан амалга оширар эди. «Время»да ишлай бошлаган дастлабки йилларимда Бухоро вилоятининг Туркманистон билан чегарадош бўлган Олот туманида улкан гидротехник иншоотни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирга бордик. Уни ишга тушириш маросимига Шароф ака келди. Карнай-сурнайлар билан катта тантаналар бўлди. Ўзбекистон ва қўшни Туркманистондан тумонат одам қатнашди. Ўйин-кулгу. Дала-ю даштда пахта, ёғ, сут, гўшт, экин-тикиндан олинадиган юқори ҳосил манбаи, боғ-роғларга ҳаводек зарур бўлган катта сувнинг келиши, уни туман, хўжаликларга тақсимлаб берилиши Марказий Осиёда, ҳақиқатан ҳам, катта байрам бўлади. Бунинг устига, Москва «янги ерлар ўзлаштирилсин, пахта ишлаб чиқариш кўпайтирилсин, Ватанга кўплаб «оқ олтин» етказиб берилсин» деб турган давр. Биз иштиёқ билан катта репортаж тайёрладик. Бир қатор интервьюлар ёзиб олдик. Маросим тугаши билан мени Шароф ака чақириб:
– Ирисматжон, бу иншоотнинг ишга туширилишини «Время»га бермай қўя қолинг, – деди.
Менинг ҳайрон бўлиб қарашимга жавобан ёнида турган масъул раҳбарлардан бири секингина:
– Гидроиншоот режада бўлмаган, ҳашар йўли билан қурилган объект, – деди.
– Мазкур йирик насос станцияси қурилишига СССР Молия вазирлиги маблағ ажратмаган. У СССР Давлат режа қўмитасининг расмий рўйхатидан ҳам ўтмаган, қурилишига Москвадан рухсат олинмаган, – деб Шароф ака менга синовчан қараб туриб, нима сабабдан репортажни эфирга беришим керак эмаслигини англаганимдан кейингина халқ билан суҳбатга киришиб кетди.
«Время»га яна бир репортажни тасвирга тушираётган пайтимиз Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида очилган янги туз конига олиб борадиган темир йўл қурилишини кўришга келган Шароф Рашидов билан учрашиб қолдик. Туз кони, ўн километрга яқин масофадаги темир йўл қурилишига бағишланган режалар муҳокамасини Шароф аканинг ўзи олиб борди. Маълумки, темир йўл тоғлар, дарёлар, қум барханларини кесиб ўтадиган қурилишлар ичида кўп меҳнат, қудратли техника ва катта маблағ талаб қиладиган объектларнинг энг мураккаби ҳисобланади. Шу пайтда, агар адашмасам, бир километр темир йўл давлатга бир миллион рублга тушади дейишар эди. У пайтдаги миллион жуда катта маблағ ҳисобланарди. Бундай пулларга темир ва автомобиль йўллари, артезиан қудуқлар, ирригация шохобчалари барпо этиларди.
Шароф аканинг иш услуби ўзига хос эди. У киши бажарилган ва бажарилмаган ишларни таҳлил қилаётганда ҳеч ҳам овозини кўтармасди. Ишчи-хизматчиларнинг меҳнатини ҳурмат қиларди. Лавозими юксак бўлган бу кишининг олдида кўпчилик ўзини йўқотиб, довдираб қоларди. Лекин Шароф аканинг овозидаги суҳбатдошига ҳурмат, эҳтиром кишига анча далда берарди. Овози, гап-сўзи оҳангидан у кишининг мамнунлиги ёки норозилиги яққол билиниб турарди. Барча йиғилишларни, Ўзбекистон Компартиясининг Бюро йиғилиши бўладими ёки қурилиш объектидаги оддий планёрками, бир меъёрда ортиқча гап-сўзсиз олиб борар эдики, ҳамма: вилоят раҳбарлари, вазирлар, қурилиш бошлиқлари ёки оддий ишчи-мутахассислар пашша учса эшитиладиган ҳолда тинч ўтириб диққат билан қулоқ тутишар, музокараларда эса кўнглидаги гапларни яширмай фаол иштирок этишарди. Залда ўтирганлар томонидан айтилган ҳар бир сўз диққат билан тингланар ва албатта эътиборга олинарди. Зиммага олинган мажбурият бажарилиши шарт эди.
Йиғилиш тугагач, Шароф ака мендан режаларим қандайлигини сўраб қолди. Жавобимни эшитиб бўлгач: «Вақтингиз бўлса, эртага Шеробод туманидаги туз конига борсак, у ерда қилинаётган ишлардан хабар топасиз», – деди. Шароф аканинг илтимосини (айтганча, бошқа барча раҳбарларнинг ҳам, агар ишни бажарувчига шундай ҳурмат билан илтимос қилиб гапирадиганлари бўлса), ўзимиз учун бажарилиши шарт бўлган ишни нафақат давлат раҳбарининг топшириғи, балки инсоний, виждоний бурчимиз деб тушунар эдик.
Эртасига автомобиль йўлига ёнма-ён қурилган янги темир йўл бўйлаб Шерободдаги улкан туз конига бордик. Устки тупроқ қатлами олингандан кейин ҳам катта тоғ бўлиб ётган улкан оппоқ туз кони қуёшда биллур каби кўзни қамаштириб, ялтираб турарди. Биз улкан оппоқ туз бўлакларидан эҳтиёткорлик билан ўтиб, туз тоғи тепасига қараб чиқа бошладик. Бир маҳал Шароф ака катта бир туз бўлагидан сакраб чиқиб, юқорига қараб кетди. 70 ёшга яқинлашаётган Шароф аканинг қилган қалтис бу ҳаракатидан кўпчилик хавотир олиб бақириб юборди. Бир маҳал бақувват ёш йигит Шароф аканинг қўлтиғи остида пайдо бўлди. Бу Саъдулло исмли Шароф аканинг тансоқчиси эди. Шароф ака Саъдуллонинг ёрдами билан оёқларида маҳкам туриб олди. Буни кўриб кўпчиликнинг кўнгли бироз тинчиган бўлса ҳам, ҳамма у кишининг оёғи остига хавотир олиб қараб турар эди.
Пастда туз тоғи поёнида пухта лойиҳа асосида қурилган темир йўл товар станцияси кўзга ташланди. Локомотивлар, ўнлаб вагонлар, қаттиқ дарахтлардан тайёрланган, қора сақич билан қопланган шпаллар ётқизилган қатор-қатор темир йўллар, диспетчерлик бинолари бу ерда қилинган ва қилинаётган улкан бунёдкорлик ишидан хабар берар эди.
Шароф ака худди биллурдек тиниқ ва ялтироқ бир бўлак ош тузини қўлига олди-да, менга изоҳ бера бошлади:
– Ирисматжон, ерларимизда калий ва натрий тузлари етишмайди. Бунинг натижасида қанча ҳаракат қилмайлик, пахта ҳосилдорлигини кўтариш қийин бўляпти. Мана энди бу тузларни темир йўл орқали минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган заводларга олиб борамиз. У ерда турли элементлар билан бойитилган ўғитлар ишлаб чиқариб, уларни ерларимизга соламиз, тупроқни семиртирамиз. Бу эса, сўзсиз, мўл ҳосил келтиради. Лекин бу объектни «Время»да кўрсатиш шарт эмас.
Бу гапдан ҳанг-у манг бўлиб қолдим. Ахир, шунча маблағ сарфланган, шунча қурувчи ва мутахассисларнинг меҳнати сингган, Ўзбекистоннинг тоққа туташ узоқ бир чўлида қад кўтарган шундай ноёб иншоотни нега телевидениеда кўрсатмаслик керак?! Ҳайрон қолганимни сезган Шароф ака одати бўйича узоқ муддат сукут сақлаб турди. Мен худди шундай қилишим кераклигини яхши англадим. Кейинчалик у кишининг ёнида юрган раҳбарлардан бири: «Бу объект режада йўқ. Ҳашар йўли билан қурилган иншоотдан Москва бехабар», – деди. Масала аён эди. Мени эса қисқа муддат худбинлик руҳи чулғаб олди. Нега мен репортаж олишга келиб уни эфирга бермайин?! Репортаж бермасам нима қилиб юрибман бу ерда?! Бундай ўйларни тезда миямдан қувдим. Яна бир ажойиб репортажим «Время»га чиқмай қолади дедим ўзимга. Лекин мен кўрган улкан туз тоғи, электровозлар товуши, эшелон-эшелон вагонлар, шпалларидан сақич ҳиди анқиб турган яп-янги темир йўллар, тузларни вагонга ортадиган қудратли экскаваторлар, диспетчер хоналари, қурувчи, темирйўлчи, туз кони мутахассислари, келажакни, халқини ўйлаб иш кўраётган раҳбарлар учун қалбимда меҳр ва фахр ҳислари пайдо бўлди. Бу ҳисларимнинг руҳимга берган роҳати репортажимнинг «Время»да эфирга чиққанидан оладиган қониқишимдан кам эмас эди.
Шароф ака табиатан маданиятли, нозик дидли давлат арбоби, Ватан олдида, халқ олдида ўзининг фавқулодда масъулиятини сезадиган инсон эди. Герман Лопатина кўчасидаги Марказқўм ходимлари яшайдиган беш қаватли уйнинг биринчи қаватида оиласи билан бирга турар эди. Ҳозир бу уйнинг кираверишдаги деворига мармар хотира тахтачаси ўрнатилган. Эрталаб уйидан ишга Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биносига анҳор бўйлаб пиёда юриб борарди. Тўғри, орқасидан маълум бир масофада тансоқчиси ҳам кузатиб турарди. Буни анҳор бўйида кўп кўрганлар тўлиб-тошиб гапириб беришади. Ўз иши билан кетаётган танимаган одам эса кўчада кетаётган бу киши республиканинг биринчи раҳбари эканлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмас эди.
Кунларнинг бирида Шароф ака тонг саҳарда анҳорда чўмилаётган катта ёшдаги кишиларни кўриб қолади. Тўхтаб сўзлашади, уларнинг қишин-ёзин оқар сувда сузадиган, ёши катта бўлишига қарамай, танаси чиниққан «моржлар» эканлигидан хабар топади. «Моржлар»нинг ечиниб-кийинадиган, шунингдек, бир пиёла иссиқ чой ичадиган жойлари йўқлигига эътибор бериб отахонларга қулайликларга эга «Моржлар чўмилиш станцияси»ни қурдириб беришни ваъда қилади. Мана, ярим асрдан буён анҳор бўйидаги шу станция қишин-ёзин оқар сувда чўмилишни яхши кўрадиган тошкентликларга хизмат қилиб келмоқда.
Яна бир мисол. Тошкентдаги аввал «Халқлар дўстлиги» номи билан юритилган, оқ мармардан қурилган, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги улкан ҳашаматли қасрлардан бири ҳам Москванинг розилигисиз, Ўзбекистоннинг ички имкониятлари ҳисобига ҳашар йўли билан қурилган эди. Иттифоқ ҳукуматининг эътирози бўлмаслиги учун объектда амалга оширилган ишларга кетган маблағ йилига бир миллион рублдан ошмаслиги лозим эди. Чунки Иттифоқда ўрнатилган қатъий молиявий тартиб бўйича, қиймати бир миллион рублдан ортган қурилишга СССР Давлат режа қўмитаси, СССР Министрлар Советидан рухсат олиниши шарт эди. Улар эса ҳатто Москвада бўлмаган бундай шоҳона саройни қуришга икки дунёда ҳам розилик бермасдилар. 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкент қайта қурилди. Мамлакат миқёсида қудратли саноат корхоналари қад кўтарди. Навоий, Зарафшон, Ангрен, Оҳангарон, Бекобод каби саноатлашган шаҳарлар пайдо бўлди.
Ҳозирги Ўзбекистон халқлари тарихи музейи ҳам ҳашар йўли билан қурилган эди. Ўзбекистоннинг ноёб мармар тошларига маҳорат билан ўйиб солинган нақшинкор бу музей Шароф аканинг ташаббуси билан бино бўлган.
Леонид Брежневнинг Ўзбекистонга қилган сафарларидан бирида Шароф ака машиналар кортежини Тошкент марказида янги қад кўтарган ана шу музей биноси олдида тўхтатади. Брежнев қаршисида дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Тожмаҳални эслатадиган оқ мармардан қад кўтарган баланд ва ажойиб бинони кўриб ҳайрон бўлиб қолади. Чунки бу иншоот КПСС Марказий Қўмитасининг «Маъмурий ва томоша биноларини қуришни тўхтатиш тўғрисида»ги қарорига зид равишда қурилган эди. Шунда Шароф ака Леонид Ильичга қараб мулойим ва маънодор жилмайиш билан: «Доҳийнинг 100 йиллигига тўёна», – деб изоҳлайди. КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби ҳеч қандай қаршилик қилолмайди.
Орадан йиллар ўтса-да, Шароф Рашидов қурдирган қасрлар, саройлар, гидротехник иншоотлар ҳамон халққа хизмат қилмоқда.
Февраль ойининг охирлари. Баҳор фасли кириши арафасида эди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг Бюро йиғилишини Шароф ака олиб борарди. Қишлоқ хўжалиги вазири Марказий Қўмитанинг олтинчи қаватидаги, одатда, Бюро йиғилиши ўтадиган залнинг минбаридан туриб йиғилганларга экин майдонларини баҳорги экиш мавсумига тайёргарлиги қандай бораётганлиги тўғрисида батафсил ахборот бериб бўлгач, президиумда ўтирган Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Нормаҳаммади Жўраевич Худойбердиев (у қатъиятли, одил раҳбар эди ва ҳамма у киши билан албатта ҳисоблашар, ҳурмат қилар, мулоқот пайтида ундан бироз ҳадиксираб туришар эди) ўрнидан туриб:
– Шароф Рашидович, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари баҳорнинг бу йил оғир келишига қарамай, қор-ёмғир демай далада меҳнат қилаётган бир пайтда Москванинг Ўзбекистондаги мухбирлари республикамизда баҳорги экиш мавсумига тайёргарлик суст, ишлар ночор, ариқ-зовурларни тозалаш ишлари умуман ўлда-жўлда деб бутун Иттифоққа нотўғри маълумот тарқатишмоқда. Илиқ сўзлар айтиб уларни рағбатлантирмасин, майли, лекин бунақа ишлар билан шуғулланмасин-да, – деди.
Муҳокаманинг якунида масаланинг мен учун бундай кескин авж олишини ҳеч ҳам кутмаган эдим. Бунинг устига, бизнинг ишимизга эътироз билдираётган одам ҳукумат бошлиғи, Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси эди. У киши бўлса бизнинг ишимиздан очиқчасига норози эди. Сўраб қолишса, мен нима дейман, деб воқеанинг бундан кейинги ривожидан хавотир олиб ўтиргандим, Шароф ака ўтирган жойидан бош кўтармасдан овозини сал кўтарган ҳолда:
– Ўртоқ Абдухолиқов, – деб қолди.
Ўрнимдан турдим, билмадим, қандай куч ва сўзамоллик пайдо бўлди шу пайтда менда.
– Шароф ака, ҳақиқатан ҳам, «Маяк» радиосининг Ўзбекистонда дала ишларининг бориши тўғрисидаги бугун эрталабки обзорида шундай гап бўлди. Мен бу ахборотнинг пайдо бўлиш сабабларини суриштирдим. Обзорда Ўзбекистон бўйича келтирилган маълумот-у рақамларнинг барчасини москвалик шарҳловчи Москванинг ўзида туриб СССР Қишлоқ хўжалик вазирлигидан олган экан. – Озгина сукут сақладим-да: – Биз бундай ишлар билан шуғулланмаймиз, – деб гапимни якунладим.
– Ие, Нормаҳаммади Жўраевич, ҳа, бу ахборотни ўзингизнинг ходимларингиз берибди-ку. Озгина сукутдан кейин Шароф ака мен томонга қараб: – Мен биламан сизларнинг бундай ишлар билан шуғулланмаслигингизни, марҳамат, ўтиринг, – деди.
Нормаҳаммади Жўраевич ноқулай вазиятда қолди. У киши ҳеч нарса дегани йўқ. Орага сукут чўкди. Мен беихтиёр катта лавозимдаги ҳурматли, принципиал раҳбаримизни, Ўзбекистон Министрлар Советининг раисини ноқулай вазиятга солиб қўйганимдан жуда хижолат тортдим. Ахир мухбирлигим юзасидан ҳали у кишига кўп масалада ишим тушиши, учрашишим, мулоқотда бўлишим, топшириқларини бажаришимга тўғри келарди-да. Келажакдаги муносабаларимиздан бироз бўлса ҳам хавотирда эдим. Лекин у киши, неча йил мулоқотда бўлмайлик, тўғрисўзлиги, одиллиги ва бехосдан ўзини ноқулай аҳволга тушириб қолдирган одамидан қасос олиш одати йўқлигини исботлади.