Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг биринчи раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Маткаримович Худайбергенов ҳаёт бўлганида 2021 йил 15 апрелда 85 ёшга кирган бўларди.

Абдулла Худайбергенов Тўрткўл туманида туғилган.

1959 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан битириб, Мўйноқ тумани шифохонасида шифокор-жарроҳ, Қорақалпоғистон Республикаси Республика шифохонасининг жарроҳлик бўлими мудири, бош шифокори, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири лавозимларида ишлаган. Икки марта Олий Мажлис депутати бўлган.

А.Худайбергенов 1961 йилдан 1-сонли Республика шифохонасининг қон қўйиш бўлими бошлиғи, шифохона хирургия бўлими бошлиғи лавозимларида ишлади. Унинг раҳбарлигида бир гуруҳ жарроҳлар камолга етди.

Натижада шу йиллари барча шаҳар ва туман марказий шифохоналарида етук мутахассислар билан таъминланган хирургия бўлимлари ташкил этилди. Шифокор олий тоифали хирург сифатида мазкур шифохонада, шаҳар ва туманлардаги бошқа шифохоналарда (шаҳар ва туманларда) мунтазам равишда хирургик операцияларда қатнашиб борди.

Абдулла Худайбергенов 1976 йили тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациясини Москва шаҳрида муваффақиятли ҳимоя қилди.

1968 йили ўзи ишлаб келаётган 1-сонли Республика шифохонасига бош шифокор этиб тайинланди. У 1-сонли Республика шифохонасига раҳбарлик қилган йиллари республикада халққа ихтисослаштирилган хирургик ёрдам бериш ва тиббий хизматни мунтазам равишда такомиллаштириш, ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

А.Худайбергенов 1976 йилдан 1981 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири лавозимида халқига ҳалол меҳнат қилди. У 1981 йили Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тавсия этилди.

А.Худайбергенов 1991 йили тиббиёт фанлари доктори бўлди, шундан сўнг сал ўтмай унга профессор илмий унвони берилди.

Абдулла Маткаримович замон талаби билан ҳамоҳанг юрадиган, ташаббускор олим ва ташкилотчи эди. Абдулла аканинг ташаббуси билан 1992 йилда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси ташкил этилди ва 25 йил мобайнида профессор ушбу ассоциацияга раислик қилиб, уни моҳирона бошқарди. Тинимсиз меҳнат ва ташкилотчилик маҳоратини ишга солиб, Ўзбекистон врачлар ассоциациясини нафақат республикамизнинг нодавлат,нотижорат ташкилотлари, балки дунёнинг ва Европа давлатларининг тиббиёт ассоциациялари орасида энг обрўли ва эътиборли уюшмалардан бирига айлантирди.

Абдулла Худайбергенов билан 26 йил – 1991-2017 йиллари у киши Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси раиси, мен шу Ассоциациянинг Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи бўлиб бирга ишладик.

Профессор А.М.Худайбергеновнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб, давлатимизнинг орденлари билан мукофотланган. Абдулла Маткаримович моҳир ташкилотчи сифатида иш юритиб, кўпчиликка намуна бўлган.

Абдулла аканинг қизи Замира, ўғли Шуҳрат оталарининг изидан бориб, Ўзбекистон тиббиёт тизимида фаол меҳнат қилмоқда.

Бугунги кунда профессор Худайбергенов Абдулла Маткаримович бошлаган эзгу ишлар унинг сафдошлари ва шогирдлари томонидан изчил давом эттирилмоқда.

 

А.Мамбеткаримов,

Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи.