Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида ёшлар масаласида йўл қўйган камчиликлари учун қатор ҳокимлар ишдан бўшатилди.

Давлат раҳбари олдинги видеоселектор йиғилишида А.Икромов, С.Холхўжаев ва “Микрокредитбанк” (Бўтаев)га “1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш топшириғи берилгани, лекин А.Икромов ва унинг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил эта олмаётганини қайд этди.

Мисол учун, уч ойда мамлакат бўйича 21 минг нафар ёш тадбиркорликка ўқитилган, Тошкент шаҳрида атиги мингта, Наманганда эса 1 минг 100 та сертификат берилган. Бухоро вилоятида эса бор-йўғи 216 нафар ёшга касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали 6,2 миллиард сўм кредит ажратилган.

Президент имтиёзли кредитларни ажратишдан аввал, ёшларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга етарли эътибор берилмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда Сурхондарё вилоятида ёшлар бандлигини таъминлаш 30 фоизни (15 минг 500 нафар) ташкил этиши, бу республикадаги энг паст кўрсаткич экани қайд этилди.

Шунингдек, Хўжайлида атиги 16 нафар (2 минг нафар ёшлар ишсиз), Фурқат туманида 27 нафар (2,1 минг нафар), Улуғнорда 78 нафар (3,7 минг нафар), Ангорда 82 нафар (3,4 минг нафар) ишсиз ёшлар “1+1” лойиҳаси билан қамраб олинган.

Ёшлар билан етарли иш олиб борилмагани оқибатида, Сурхондарё вилоятида ёшлар ўртасида жиноятчилик ошган. Бу борадаги аҳвол Шофиркон, Қамаши, Хива ва Чуст туманларида ҳам қониқарсиз.

Йиғилишда ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бегимқулов, Фурқат тумани ҳокими Солиев ва Улуғнор тумани ҳокими Махсудов;

ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрмагани учун Шофиркон ва Қамаши туманлари прокурорлари, Хива ва Чуст туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари;

ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда сусткашликка йўл қўйгани учун, Хўжайли ва Ангор тумани солиқ идоралари раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Савдо-саноат палатаси раисига тадбиркор ёшлар билан ишлашни тизимли ташкил этмаган палатанинг Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарларини лавозимидан бўшатиш бўйича топшириқ берилди.

Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, иқтисодий тарақққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.Холхўжаев ва “Микрокредитбанк” раиси Бўтаев қатъий огоҳлантирилиб, уларга вазиятни ўнглаши учун уч ой муддат берилди.

А.Икромов ва Д.Қосимов “1+1” дастури орқали 1 миллион ёшни қамраб олиб, натижа кўрсатмаса лавозимидан олиниши ҳақида огоҳлантирилди.

– Ҳар бир ишдан кетган одам ишлаган даврида олган ойлигини давлатга қайтаради. Раҳбарларнинг ёшлар масаласида эътиборсизликка йўл қўйишига ҳаққи йўқ, – деди давлат раҳбари.

 

ЎзА